Тбилисида мухолифатнинг норозилик юриши ўтказилди

Georgia -- European March. Youth protest Rallies against `Agents Law`, `Russia Law`, Tbilisi, 28Apr2024

Тбилисида 28 апрель куни мухолифатнинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонунга қарши юриши бўлиб ўтди. Норозилар Республика майдонидан шаҳар марказидаги Грузия парламенти биносигача юриб боришди, дея хабар қилди Озодликнинг “Кавказ садоси” (“Эхо Кавказа”) лойиҳаси.

Юриш иштирокчилари мамлакат номи ва “Россия қонунига йўқ, деймиз” дея қичқириб боришган. Парламент биносига проектор орқали “Россия — оккупант” ёзуви ва Грузия байроғи тасвири туширилган. Мухолифат хорижий агентлар тўғрисидаги қонун “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси томонидан Москва кўрсатмасига кўра қабул қилинаётганини иддао қилмоқда. Қонун лойиҳаси муаллифлари бу иддаони рад қилишяпти.

“Грузия орзуси” вакиллари 29 апрель куни қонун лойиҳаси тарафдорларини кўчага олиб чиқишни ваъда қилишган. Якшанба кунги акция чоғида қонун лойиҳаси тарафдорлари чиқиши учун ўрнатилган саҳнага чиқиб олишга уринишган. Норозилик тадбири чоғида бир неча киши қўлга олинган, улар орасида Грузиянинг евроинтеграция бўйича собиқ вазири Алекси Петриашвили ҳам бор. Ички ишлар вазирлиги уни майда безорилик ва полицияга бўйсунмаганликда айблаган.

Қонун лойиҳаси бўйича иккинчи ўқиш муҳокамаси Грузия парламентида 29 апрель куни бошланиши айтилган.

Бу Грузия парламентида хорижий агентлар тўғрисидаги қонунни қабул қилиш бўйича биринчи уриниш эмас. Ўтган йилнинг 7 мартида парламент биринчи ўқишда қонун лойиҳасини маъқуллагани ортидан мамлакат бўйлаб оммавий норозилик чиқишлари бошланиб кетган эди. 8 март куни акция давом этган, 9 март куни эса “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ва “Халқ кучи” ҳаракати мазкур қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олишган.

Ўтган йилги норозиликларга қарамай, “Грузия орзуси” 2024 йилнинг апрель ойи бошида қонун лойиҳасини қайтадан парламентга киритган.