Грузия мустақиллиги кунига Тбилисида Озодлик марши бўлиб ўтди

Мустақиллик кунига бағишланиб Тбилисида ўтказилган юриш, 2024 йил 26 майи

Тбилисида 26 май оқшомида Грузиянинг Мустақиллик кунига бағишланган Озодлик юриши бўлиб ўтди.

Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси хабарига кўра, қўлларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқларини тутиб олган тадбир иштирокчилари турли шиорларни, шу жумладан “хорижий агентлар тўғрисидаги қонун”га қарши шиорларни ҳайқириб борганлар.

Юришга чиққанлар мобил телефонлари чироқларини ёқиб олиб, хусусан, “Россия қонунига йўқ деймиз!” ва “Россия режимига йўқ деймиз!” дея қичқирганлар.

Тадбир ташкилотчилари юриш миллий байрамга бағишланиб ўтказилаётгани учун унинг норозилик характерига эга ёки эмаслигига аниқлик киритмаганлар. Акцияда бир неча минг киши иштирок этган.