Тожик-афғон чегарасида етти контрабандачи ўлдирилди

Афғонистоннинг Таҳор вилоятида яшовчи манбалар Тожикистон ҳудудига ноқонуний йўллар билан ўтишга уринган етти нафар афғонистонлик тожик чегарачилари томонидан ўлдирилганини маълум қилишди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

“Ҳашти субҳ” нашри қайдича, ҳодиса 9 апрель тунида тожик-афғон чегарасининг Чоҳоб туманида жойлашган участкасида содир бўлган.

Бу маълумот Тожикистон томонидан ҳам, Афғонистон томонидан ҳам ҳали расман тасдиқлангани йўқ.

“Ҳашти субҳ” нашрининг ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилишича, ўлдирилганлар Таҳор ва Бадахшон вилоятлари турғунлари бўлган. Улар наркотик контрабандаси билан шуғуллангани тахмин қилинмоқда. Улардан иккиси Таҳор вилоятининг Чоҳоб туманида дафн қилинган.

“Ўлдирилганларнинг шахси ҳали аниқланганича йўқ”, дея қайд этган “Ҳашти субҳ. Бу нашр янгилик ва репортажлари билан ўз аудиторияси ишончини қозонган, бироқ чегарадаги ҳодисага оид хабарни ҳали мустақил манбалар воситасида тасдиқлатиш имкони бўлган эмас.

Афғонистондан Тожикистонга гиёҳванд моддалар олиб ўтилиши расмий Душанбе хавотирига сабаб бўладиган муаммолардан бири бўлиб ҳисобланади. Мамлакат расмийлари Афғонистонда толиблар ҳокимият тепасига келганларидан буён Тожикистонга наркотик контрабандаси оқими кўпайганини иддао қилишади.

Ўз навбатида, толиблар 2023 йилда наркотик савдоси тақиқлангани ортидан Афғонистонда афюн экиладиган майдонлар 95 фоизга қисқарганини билдириб келишмоқда.

Тожикистоннинг Афғонистон билан Панж дарёси ажратиб туради, бироқ икки мамлакат чегараси бўйлаб наркотик контрабандачилари томонидан фойдаланиб келинадиган ўтиш қийин бўлган участкалар кўп.

Тожикистон Наркотиклар ноқонуний айланмасига қарши кураш агентлиги маълумотига кўра, 2023 йилда Тожикистонда 5 минг тоннага яқин гиёҳванд модда мусодара этилган, наркотикнинг катта қисми (2 тонна 731 килограмми) Афғонистонга чегарадош Хатлон вилоятида қўлга туширилган.