Тожик-қирғиз чегарасида ўқувчи болалар тошбўронга тутилди

Қирғизистоннинг Кўктош қишлоғи одамлари мактабдан қайтаётган тожик болаларини тошбўрон қилди. Бу ҳақда 23 сентябрь куни Озодликнинг тожик хизматига Тожикистоннинг Чоркўҳ қишлоқ жамоатига қарашли Сомониён қишлоғида яшовчилар маълум қилишган.

Айтилишича, ҳодиса ортидан бир бола ва катта ёшли бир киши маҳаллий касалхонага тушган.

Исфара туманининг Чоркўҳ қишлоқ жамоати раиси Шукурхон Насриев можародан Қирғизистон вакилларини хабардор қилишганини билдирган.

“Болалар дарсдан қайтишаётган бўлган. Боткен вилоятининг Сомониёнга қўшни Кўктош қишлоғи одамлари ҳеч бир сабабсиз уларни тошбўрон қилишибди. Ҳозир биз ҳодисани тафтиш қиляпмиз”, деган Насриев.

Сомониёнда истиқомат қилувчи яна бир киши исмини ошкор қилмаслик шарти билан, кўктошликлар унга ҳамқишлоқ эр-хотинни ҳам калтаклаганини айтган.

Исфара маъмурияти қирғизларнинг тошбўрони ва калтаклаши натижасида сомониёнлик бир бола ва 54 яшар эркак жабр кўрганини тасдиқлаган. “Жабрланганлар шаҳар марказий касалхонаси шифокорлари назоратида. Эркакнинг бурни ва тишлари синган, боланинг боши ёрилган”, деган шаҳар маъмурияти ходимларидан бири.

Бу орада Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен тумани ҳокими Учқун Жўрўбаев Озодликнинг қирғиз хизматига Тожикистон билан чегара яқинида икки мамлакат ўқувчилари ўртасида юзага келган жанжал оқибатида вояга етмаган тўрт нафар қирғизистонлик жабрлангани ҳақида маълум қилган.

Мулозимга кўра, ҳодиса 23 сентябрь куни соат 13:00 атрофида Кўктош қишлоғининг Даҳма участкасида содир бўлган.

“Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистон мактабида 8-синфда ўқийдиган тўрт ўқувчи 30 нафарга яқин тожикистонлик 11-синф ўқувчилари томонидан калтакланган. Қирғизистонлик ўқувчиларга тиббий ёрдам кўрсатилган, улар касалхонага етказилган. Уларнинг аҳволи яхши”, деган У. Жўрўбаев.

Ҳодиса ортидан Боткен тумани ҳокими, ТИИБ ва МХДҚ туман бўлими раҳбарлари Тожикистоннинг Исфара тумани раиси ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан учрашув ўтказганлар. Томонлар маҳаллий аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бори ва қонунбузарларга қарши чора кўришга келишиб олганлар. Айни пайтда чегарадаги вазият барқарор экани айтилмоқда.

Қирғиз-тожик давлат чегарасидаги баҳсли ҳудудлар сабаб икки мамлакат чегарачилари ва аҳолиси ўртасида тез-тез низо чиқиб туради. Ҳарбийлар иштирокидаги охирги йирик тўқнашув шу йилнинг 28-29 апрель кунлари содир бўлган эди. Тожик ҳукумати қуролли можарода 19 киши нобуд бўлиб, 87 киши яраланганини тасдиқлаган. Қирғиз томони маълумотига кўра, улардан 36 киши қурбон бўлган ва 189 киши жароҳат олган.

Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари бир-бирини низо чиқариш ва катта зарар етказишда айблаб келмоқда. Иккала мамлакат прокуратуралари чегарадаги воқеалар муносабати билан жиноят ишлари қўзғатганлар.