Тожикистонда аскарларнинг бошига "Конибодом" сўзини тарашлаган сержант 5 йилга қамалди

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига қарашли бўлинмада хизмат қилувчи сержант 9 нафар аскарнинг бошига ўз шаҳри номи – "Конибодом" сўзини тарашлагани ортидан судланди.

Хўжанд гарнизони ҳарбий суди 29 ёшли Мухриддин Исломовни ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топган ва 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Озоди радиосига тақдим этилган ҳукм нусхасига кўра, 2022 йил 14 январь куни Исфара шаҳридаги 0215-ҳарбий қисми сартароши, кичик сержант Мухриддин Исмоиловга аскарларнинг сочи ва ташқи кўринишини тартибга солиш топширилган. У тартибни бузган ҳолда, 9 нафар аскарнинг бошида «К», «О», «Н», «И», «Б», «О», «Д», «О», «М» ҳарфларини чизиб чиққан. Мухриддин Исмоилов бу билан ёш аскарлардан устунлигини кўрсатмоқчи бўлган.

Сўнгги бир неча ой ичида бу Тожикистон армиясидаги "дедовшчина" (ҳарбий уставдан ташқари муносабатлар) деб жавобгарликка тортилишнинг иккинчи ҳолатидир.

Апрель ойида ижтимоий тармоқларда ҳарбий хизматга аввалроқ чақирилган аскарлар янги сафарбар этилганларни калтаклаётгани акс этган видео тарқалган эди. Бу видеолавҳа ҳам Хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинларининг ҳарбий қисмида суратга олинганлиги аниқланган. Натижада бир зобит ва етти нафар аскар 9 йилдан 11 йилгача қамалган.

"Дедовшчина" муаммоси Тожикистон армиясида узоқ йиллардан бери ечимини топмай келаётган муаммодир. Тожикистон ҳукумати БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига юборган ҳисоботида, 2019-2021 йилларда юздан ортиқ аскар ҳарбий уставга мувофиқ бўлмаган муносабат натижасида ҳалок бўлгани айтилган.