Тожикистон Тоғли Бадахшонда “аксилтеррор амалиёти” бошланганини билдирди

Хоруғ, 2022 йилнинг 17 майи.

Тожикистон ҳукумати 18 май куни тоғли Бадахшонда “аксилтеррор амалиёти” бошланганини билдирди. Ички ишлар вазирлиги расмий билдирувида таъкидланишича, “аксилтеррор амалиёти” ўтказилишига Рушан туманида ҳарбийлар ва Хоруғ йўлини тўсишга ҳаракат қилган маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашув юзага келгани сабаб бўлди.

Ҳозирча тўқнашувда жабрланганлар тўғрисида маълумот йўқ. Мустақил манбалар эса бир неча киши ярадор бўлганини айтмоқда.

Ички ишлар вазирлиги “17 май куни уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш мақсадида Душанбе-Кўлма халқаро автойўлининг бир қисмини ноқонуний равишда тўсиб қўйишди”, деб билдирди.

Вазирлик баёнотида жиноий гуруҳга оид маълумотлар айтилмаган. Бироқ вазирлик бу воқеага чет элдан келган кучлар аралашганини, жиноий гуруҳга қурол чет элдан етказиб берилганини, террор ва провокация ҳаракатларини амалга ошириш учун жангарилар ёлланганини маълум қилмоқда.

16 май оқшомида Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Хоруғдаги норозилик намойиши иштирокчиларига қарши резина ўқлар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган эди. Озодлик тожик хизматининг ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳодиса чоғида бир киши нобуд бўлган, уч киши тан жароҳати олган.

Хабарга мувофиқ, душанба кунги акцияни тарқатиш чоғида 30 ёшли Замир Назаршоев вафот этган. Бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.

Хоруғдаги митинг расмийлар мухтор вилоят раҳбари Алишер Мирзонабот ва шаҳар мэри Ризо Назарзодани истеъфога чиқариш, вилоятдаги барча блокпостларни олиб ташлаш ҳамда бадахшонликларни таъқиб қилишни тўхтатишга оид талабларни кўриб чиқишни рад этишгани ортидан бошланган.