Тожикистон: Президент Эмомали Раҳмоннинг синглиси коронавирусдан вафот этди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 20 июль оқшомида Тожикистон пойтахтида жойлашган ҳукумат касалхонасида мамлакат президентининг синглиси Қурбонбий Раҳмонова оламдан ўтди.

Аёлнинг ўлими сабаблари ҳақида расмий маълумот тарқатилгани йўқ, бироқ исми ошкор этилишини истамаган душанбелик врачлардан бири Озодликнинг тожик хизматига 64 ёшли Қурбонбий Раҳмонова COVID-19 туфайли вафот этганини маълум қилган. Унга кўра, аёлнинг коронавирусга чалингани тасдиқланган, “врачлар ўн кун мобайнида унинг ҳаёти учун кураш олиб борганлар”.

Қ. Раҳмонова 2012 йили Душанбедаги уйи яқинида отиб кетилган “Ўрмон хўжалиги ва овчилик” ДУК директори Холмўмин Сафаровнинг рафиқаси эди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати томонидан 21 июль куни тарқатилган маълумотга мувофиқ, Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмонга синглисининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган.

Июль ойи бошида Тожикистон нашрлари мамлакат президентининг қайнонаси Ўзбекбий Асадуллоева вафот этгани ҳақида хабар тарқатган эдилар.