Тожикистон туркияликлар учун виза тартибини жорий қилди

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси

Тожикистон жорий йилнинг 20 апрелидан Туркия фуқаролари учун виза тартибини жорий қилади. Бу ҳақда Тожикистон ТИВ вакили Озодликнинг тожик хизматига маълум қилган.

“Туркия фуқаролари Тожикистон визасини Тожикистон Республикасининг хориждаги элчихоналари ва консулликларидан олишлари мумкин”, дея қайд этган у.

Туркияликлар 2021 йилдан буён Тожикистонда 30 кунгача визасиз юриш имкониятига эга эдилар. Душанбе расмийлари Туркия фуқаролари учун виза тартибини киритиш қарорини Анқаранинг шу мазмундаги қарорига жавоб ўлароқ қабул қилинганини қайд этмоқдалар.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 5 апрель куни Тожикистон фуқаролари учун визасиз тартибни бекор қилувчи фармонни имзолаган эди. Мазкур фармонда Туркияга келаётган оддий хорижий паспортга эга тожикистонликлар учун визасиз тартиб бекор қилингани айтилган. Тожикистон фуқаролари учун Туркияга виза билан кириш тартиби шу йилнинг 20 апрелидан жорий қилинмоқда.

Туркияга кетаётган тожикистонликлар учун виза тартиби нима учун жорий қилингани очиқланган эмас, бироқ Россиядаги кўплаб нашрлар буни Россия ва Туркиядаги терактлар билан боғламоқдалар. Мазкур терактларда гумонланаётганлар орасида Тожикистон фуқаролари ҳам бор.

Анқара “Крокус Сити Холл”даги терактдан кейин икки гумонланувчи Туркияда қисқа муддат юрганидан кейин Истанбулдан Москвага учиб борганини билдирган. 22 март куни Москва вилоятидаги концерт залида содир этилган ҳужум оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 144 киши қурбон бўлган.

Тожикистон фуқаролари 2018 йилдан буён бошқа ўнлаб мамлакатларнинг фуқаролари каби Туркияга визасиз бориб, у ерда 90 кунгача юришлари мумкин эди.

Тожикистондан Туркияга тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилган бўлиб, бу рейслар Туркиянинг Turkish Airlines ва Тожикистоннинг “Сомон Эйр” авиаширкатлари томонидан амалга ошириб келинади. Ҳафта давомида Тожикистондан Истанбулга олтита учоқ парвоз қилади. Бу учоқлар йўловчиларининг аксариятини тадбиркорлар ва корчалонлар ташкил қилади. Истанбул Тожикистон фуқаролари учун халқаро йўналишлар бўйлаб парвозларда муҳим транзит нуқтаси бўлиб ҳам хизмат қилади.

Тожикистон ТИВ маълумотларига кўра, 2022 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 350 миллион доллардан кўпроқни ташкил қилган.