Тожикистон: Хоруғдаги аксилҳукумат намойишининг муҳтамал ташкилотчиси ўлдирилди

Мамадбокир Мамадбокиров

Тожикистонда Афғонистон ва Хитой билан чегарадаги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида бўлиб ўтган ҳукуматга қарши чиқишларнинг муҳтамал ташкилотчиси ўлдирилди. Мухтор вилоятнинг норасмий етакчиларидан бири бўлган Мамадбокир Мамадбокиров, Озодлик радиоси тожик хизматининг хабар қилишича, 22 май куни отиб ўлдирилган.

Тожикистон расмийлари Мамадбокировни уюшган жиноий гуруҳ ташкилотчиси деб атаб, у криминал можаро натижасида ўлдирилганини иддао қилишмоқда. Ижтимоий тармоқларда Мамадбокиров кучишлатар идораларнинг бири тарафидан снайпер воситасида йўқ қилингани ҳақида ёзишмоқда, дейилган “Фергана” агентлиги хабарида.

Озодликнинг уч мустақил манбаси суиқасд Тоғли Бадахшон мухтор ўлкаси маркази Хоруғ шаҳрининг Бархоруғ мевзеида, марҳумнинг уйи яқинида содир бўлганини билдирган.

Мамадбокиров вилоятнинг кейинчалик тожик чегара қўшинларига бириктирилган ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари собиқ командиридир. ХХ асрнинг 90-йиллари бошларидан ўрталарига қадар Тоғли Бадахшон мухтор вилояти марказий ҳукумат назоратида бўлмаган, ҳудудда расмий ҳукумат билан маҳаллий аҳоли ўртасида мунтазам равишда можаролар бўлиб турган.

Май ойида ҳудудий ИИВ Мамадбокировни тўқнашувларга айланиб кетган норозилик акцияси ташкилотчиси деб атаган: расмий манбаларда ушбу тўқнашувлар натижасида камида 9 киши қурбон бўлгани маълум қилинган.

Ҳукумат вилоятда аксилтеррор амалиёти ўтказганини иддао қилиб, намойиш иштирокчиларини чет элдан ҳудудда беқарорлик келтириб чиқаришга кўрсатма олган жиноий гуруҳлар аъзолари деб атаган. Маҳаллий аҳоли вакиллари эса қуролланмагани ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, тинч намойиш ўтказишганини таъкидлашмоқда.