Тожикистонда қирғиз чегарачиларига қарши жиноят иши қўзғатилди

Тожикистон Бош прокуратураси 27-28 январь кунлари тожик-қирғиз чегарасида содир бўлган можаро бўйича қўшни мамлакат чегарачиларига қарши жиноят иши очилганини маълум қилди, дея хабар берди Озодликнинг тожик хизмати.

Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон 2 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида қирғиз чегарачиларини ва Қирғизистоннинг айрим фуқароларини “муайян жиноят”ни содир этганликда айблаган. Бироқ у жиноят ишига доир тафсилотларни, неча кишига ва қайси модда билан айблов эълон қилинганини очиқлаган эмас.

“Қирғизистон билан чегарада ўтган йилнинг апрелида юз берган можаро юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, айрим айбдорлар шахси аниқланган ва улар қўлга олинган эди”, дея таъкидлаган Тожикистон бош прокурори.

Қирғизистон томони эса можаро содир бўлишида Тожикистонни айбламоқда.

28 январга ўтар кечаси тожик-қирғиз чегарасида навбатдаги қуролли можаро рўй бериб, бунинг натижасида Тожикистондан икки киши нобуд бўлган ва 10 киши яраланган. Тўқнашув икки мамлакатнинг чегара хизматлари бир-бирини йўлларни ноқонуний тўсиб қўйишда айблаши ортидан бошланган. Томонлар музокара столига ўтирганидан сўнг чегара чизиғига кўчирилган барча аскарларни узоқроққа олиб кетишга ва чегарада қўшма патруль ташкил қилишга келишганлар.

Можароларга икки мамлакат ўртасидаги чегаранинг 400 километрлик қисми ҳануз демаркация қилинмасдан қолаётгани сабаб бўлаётир. Ўттиз йилдирки, томонлар бу масалада тил топиша олишмаяпти. Ҳар гал ер, йўл, сув ва табиий ресурслар устида бошланган баҳслар қуролли тўқнашувга айланиб кетади.