Толибон ҳаракати Афғонистонда янги ҳукумат таркибини эълон қилди

Ҳайбатуллоҳ Охундзода

Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган Толибон радикал ҳаракати мамлакатнинг янги ҳукумати таркибини эълон қилди. Ҳаракат етакчиси – 60 ёшли Ҳайбатуллоҳ Охундзода давлатнинг олий раҳбари бўлди, дея хабар қилди Покистоннинг Dawn газетаси.

Ҳукумат бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд тайинланган. У айни вақтгача радикал ҳаракат шўроси (бошқарув кенгаши) раҳбари эди. Деярли барча муҳим лавозимлар Толибон вакиллари ўртасида тақсимланган.

Хусусан, разведка вазири этиб Абдул Ҳақ Восиқ белгиланган, у 12 йил Гуантанамодаги АҚШ қамоқхонасида сақланган эди. Толибпараст “Ҳаққоний тармоғи” гуруҳи асосчисининг ўғли Сирожиддин Ҳаққоний ички ишлар вазири этиб тайинланган. Мудофаа вазирлигига эса Толибон асосчиси мулла Умарнинг ўғли мулла Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид раҳбарлик қиладиган бўлди.

Собиқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмарга янги ҳукуматда иқтисодиёт вазири лавозими берилган.

Толиблар август ойида шиддатли ҳужумлардан сўнг бутун Афғонистон ҳудудини ишғол этиб, пойтахт Кобулни жангсиз қўлга киритган. Бунга қадар улар мамлакат расмийлари билан коалицион ҳукумат тузиш бўйича музокараларда иштирок этган эди.

Иқтидорга келганидан сўнг ҳаракат вакиллари коалицияга эҳтиёжлари йўқлигини ва мустақил ҳукумат тузишларини маълум қилган. Афғонистон Ислом амирлиги деб эълон қилинган бўлиб, бу дунёвий ҳокимият дин назоратида бўлишини англатади.

Ғарб мамлакатлари толибларни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати деб тан олмаяпти. 7 сентябрь куни АҚШ президенти Жо Байден халқаро майдонда тан олинишга эришиш учун ҳаракат ҳали узоқ йўлни босиб ўтиши кераклигини айтган, дея хабар қилди Озодликнинг афғон хизмати.

Толиблар 1996–2001 йилларда ҳам Афғонистонни бошқарган ва уни ислом амирлиги деб эълон қилган. Ўша пайтда уларнинг ҳукуматини расман фақат уч давлат – Покистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари тан олган эди.