Толибон ҳукумати халқаро ҳамжамиятни зилзила оқибатларини бартараф этиш учун кўмак кўрсатишга чақирди

Афғонистонлик қутқарувчилар зилзила бўлган ҳудудларнинг айрим туманларига бора олмаяпти. Бунга йўлларнинг ёмонлиги ва жала тўсқинлик қилмоқда, деб билдирди Толибон ҳукумати ва халқаро ҳамжамиятни зилзила оқибатларини бартараф этиш учун кўмак кўрсатишга чақирди.

22 июнга ўтар кечаси Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош шарқий вилоятларида юз берган 6,1 балли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида минг кишига, жароҳатланганлар сони 1,5 минг кишига етган. Толибон ҳукумати ҳозиргача камида 3 минг турар жой биноси вайрон бўлганини айтмоқда.

“Биз алоқанинг йўқлиги оқибатида айрим ҳудудларга бора олмаяпмиз”, - деди Reuters агентлигига Толибон олий қўмондонлигининг Пактика вилоятидаги вакили.

Пактика вилояти расмийси Муҳаммад исмоил Муавия эса “Бу жойларда одамлар қабр қазишга улгурмаяпти”,-деб айтди.

Толибон раҳбари Ҳайбатулла Охунзода зилзиладан сўнг берган баёнотида халқаро ҳамжамиятни ва гуманитар ташкилотларни “улкан фожеага учраган афғон халқи билан бирдам бўлиш”га чақирди.

Дастлаб Афғонистон жануби-шарқида 22 июнга ўтар кечаси рўй берган 6,1 магнитудали ер қимирлаши оқибатида 250 чоғли киши ўлгани, камида 150 киши тан жароҳати олгани хабар қилинган эди.

Афғонистонда кузатилган ер қимирлаши Ўзбекистоннинг ҳам тўрт вилоятида сезилган. ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг маркази маълумотига кўра, зилзила кучи Сурхондарё вилоятида 3 балл, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 2 баллни ташкил этган.