Трамп “Ҳолливуд бўйича махсус элчилар” тайинламоқчи

Трамп Ҳолливуд бўйича махсус элчи лавозимига мўлжаллаган актёрлардан бири ўзбек томошабинига Рэмбо фильмлари билан яхши таниш бўлган Сильвестр Сталлонедир.

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп актерлар Сильвестр Сталлоне, Мэл Гибсон ва Жон Войт номзодини “Ҳолливуд бўйича махсус элчилар” вазифасига кўрсатди.

Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида бу “уч жуда талантли одам” Қўшма Штатлардаги кино саноати Жо Байден бошқаруви чоғида бой берган мавқеини “қайтариб олиш” учун унинг “кўзи ва қулоғи” бўлишини ёзган.

Бу вазифа ваколатли лавозим бўладими ёки шунчаки “фахрий лавозим” бўладими − Трамп бунга аниқлик киритган эмас.

АҚШнинг сайланган президенти аввалроқ ҳам давлат бошқаруви тизимида бўлмаган лавозимларни жорий этиб, уларга муайян кишиларни раҳбар этиб тайинлаши ҳақида баёнотлар берган. Хусусан, у президент сайловида ғалаба эълон қилинганининг ортиданоқ тадбиркорлар Илон Маск ва Вивек Рамасвами “шишиб кетган давлат аппаратини қисқартириш ва қайта ташкил этиш мақсадида” тузилажак янги муваққат тузилмага етакчилик қилишини билдирган.

Трампга кўра, икки тадбиркор давлат хизматларида “радикал ўзгаришлар” ташаббуси билан чиқиши керак бўлган “Ҳукумат самарадорлиги бўйича бошқарма”га масъул этиб тайинланади. Янги бошқарманинг мақсади, Трамп қайдича, “давлат бюрократияси демонтажи, ҳаддан зиёд регуляцияни камайтириш, самараси бўлмаган харажатларни камайтириш ва федерал хизматларни қайта ташкил этиш”дан иборатдир. У мазкур бошқарма 2026 йил июлига бориб ўз фаолиятини тугатиши лозимлигини қўшимча қилган.