Трамп Нетаняхуни ҳибсга олиш учун ордер берган ХЖСга қарши санкция киритди

Бинямин Нетаняху (ч) ва Дональд Трамп (ў).

АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва бу мамлакат собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер бергани учун Халқаро жиноят судига нисбатан санкция жорий этди.

Оқ уй сайтида ёйинланган фармонда Трамп ХЖС қонуний асосларсиз Қўшма Штатлар ходимлари ва Исроил дохил АҚШнинг айрим иттифоқчиларига нисбатан дастлабки терговни бошлагани ҳамда ўз ҳокимиятидан фойдаланган ҳолда, Нетаняху ва Галантни ҳибсга олиш учун ордер берганини иддао қилган.

Дональд Трамп буни хавфли ўрнак деб атаб, ХЖСнинг АҚШга нисбатан хатти-ҳаракатлари америкалик ҳарбийлар учун таҳдид туғдиришини билдирган.

Ҳужжатда АҚШ ва Исроил Халқаро жиноят суди юрисдикциясини тан олмаслиги урғуланади. Трамп ҳар икки давлатни қуролли кучлари уруш қонун-қоидаларига қатъий риоя қиладиган фаровон демократик давлат, деб атаган.

Халқаро жиноят суди Нетаняху ва Галантни ҳибсга олиш учун ордерни 2024 йил ноябрида берган. ХЖСнинг судгача палатаси Исроилнинг ҲАМАС радикал гуруҳига (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) қарши амалиёти чоғида исроиллик ҳарбийлар Ғазо сектори тинч аҳолисини озиқ-овқат ва тирикчилик учун зарур бўлган бошқа предметлардан атайлаб ва онгли равишда маҳрум қилишган, деб ҳисоблаган. Шунингдек, исроилликлар Ғазодаги тинч аҳолига қасдан ҳужум қилганига оид камида иккита ҳолат ҳақида айтилган.

Суднинг бу қарори Исроилнинг ҳам расмийлари, ҳам мухолифати томонидан кескин танқидга учраган. Улар буни “уятли иш” ва “террорчиларни мукофотлантириш” деб аташган. АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден ҳам Нетаняхуни ҳибсга олиш учун ордер берилиши “хунук ҳолат” деб атаган.