Трамп Зеленскийни “сайловсиз диктатор” деб атади

Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийни “сайловсиз диктатор” деб атаб, у “тезроқ ҳаракат қилиши керак, акс ҳолда, мамлакатсиз қолади”, дея билдирди.

“Бу орада биз Россия билан урушни тўхтатиш ҳақида муваффақият билан музокара олиб бормоқдамиз, бу эса, кўпчилик эътирофига кўра, фақат Трамп ва Трамп маъмурияти қила олиши мумкин бўлган ишдир”, деб ёзган АҚШнинг амалдаги президенти Truth Social ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида.

Трамп иддаосича, АҚШ урушга 350 миллиард доллар сарфлаган, Зеленский эса, афтидан, “охурни сақлаб қолишни истаяпти”.

Бир ўйлаб кўринг-а, камтарона муваффақият соҳиби бўлган комик Владимир Зеленский Америка Қўшма Штатларини ғолиб келиб бўлмайдиган, аввало бошлаш керак бўлмаган, у АҚШсиз ва “Трамп”сиз ҳеч қачон изга сололмайдиган урушга 350 миллиард доллар сарфлашга кўндирди”, дея қайд этган у.

Трампга кўра, Зеленский АҚШ Украинага йўллаган пулларнинг ярми “йўқолиб қолгани”ни тан олмоқда. АҚШ президентининг билдиришича, Украина президенти “сайловдан бош тортмоқда”, “украиналик ўртасида ўтказилган сўровларда жуда паст ўринларни эгаллаб келяпти”, “у яхши уддаётган ягона иш эса Байден билан “скрипка чалгандай” ўйнаш” бўлиб қолмоқда.

Зеленский Трампнинг Украинада сайлов ўтказиш зарурати ва украиналиклар ўртасида Зеленскийни қўллаш даражаси “тўрт фоизгача” тушиб кетгани тўғрисидаги баёнотларига аввалроқ қуйидагича жавоб берган:

Киев халқаро социология институти (КХСИ) маълумотига кўра, бугунги кунда менга аҳолининг 57 фоизи ишонади. Агар кимдир мени ҳозирнинг ўзида алмаштирмоқчи бўлса, буни уддалай олмайди”.

КХСИ ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, украиналикларнинг 57 фоизи Зеленскийга ишонади, 37 фоизи эса ишонмайди.

Ўз рейтингининг 4 фоиз эканига оид сўзларга изоҳ бераркан, Зеленский Трамп “дезинформация” ичида яшаётгани ва уни Россия тарқатаётганини қайд этган.

Украина президентига кўра, куни кеча Россия ташқи ишлар вазири ва АҚШ Давлат котиби Саудия Арабистонида учрашган пайтда бу масалалар нимагадир кўтарилган эмас.

Улар Саудия Арабистонда ўзларининг икки томонлама масалаларини муҳокама қилишаётгани уларнинг ҳуқуқи. Ваҳоланки, мен АҚШ Путинга кўп йиллик изоляциядан чиқишга ёрдам беряпти, деб ҳисоблайман”, дея қайд этган Зеленский.

Владимир Путин Россия “Украина билан музокара жараёнидан ҳеч қачон бош тортмагани”ни айтиб, “иккала томон учун мақбул қарорга чиқилиши”ни исташини билдирган.

“Биз эса ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбурламаяпмиз. Биз тайёрмиз. Бу ҳақда мен юз марта айтдим. Истасалар, марҳамат, музокарага келишсин. Биз музокара столига қайтишга тайёрмиз”, деган у. Кейинроқ Кремль матбуот котиби Песков Россия ва АҚШ Путин ва Трамп учрашувига тайёргарликни “зудлик билан бошлашга келишиб олгани”ни билдирган.