2026 йил 24 февраль куни Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп “Мамлакат аҳволи тўғрисида”ги мурожаатида, агар дипломатия муваффақиятсизликка учраса, Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар қўллаш таҳдидини яна бир бор такрорлади ҳамда Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларни давом эттиришга ваъда берди.
Конгресснинг қўшма мажлисида сўзга чиққан Трамп АҚШ тарихидаги энг узун — қарийб 1 соат 50 дақиқа давом этган — нутқида ўз маъмурияти ютуқларини “олтин давр”нинг бошланиши сифатида тақдим этди.
Нутқ ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар арафасида ички сиёсат масалаларига эътибор қаратиш учун имконият бўлди. Шу билан бирга, Трамп ташқи сиёсат ва глобал хавфсизлик борасидаги асосий устувор йўналишларини ҳам яна бир бор таъкидлади.
Эрон
Трамп Эрон масаласига бир неча дақиқа тўхталиб, уни тўғридан-тўғри ва давом этаётган таҳдид сифатида тақдим этди. Шу билан бирга, у ўтган йил июнь ойида АҚШ томонидан Эронга қарши амалга оширилган ҳарбий зарбаларни ҳам эслади.
“Midnight Hammer” операциясидан кейин уларга қурол дастурини, айниқса ядровий қурол дастурини қайта тиклашга бошқа уриниш қилмаслик ҳақида огоҳлантириш берилган эди. Аммо улар яна барчасини бошидан бошлашда давом этмоқда", — деди у.
"Мен бу муаммони дипломатия орқали ҳал қилишни афзал кўраман", — деди Трамп. — "Бироқ бир нарса аниқ: дунёда терроризмни энг кўп қўллаб-қувватловчи давлат — ва бу борада улар мутлақо етакчи — ядровий қуролга эга бўлишига ҳеч қачон йўл қўймайман. Бунга йўл қўйиб бўлмайди."
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
In State Of The Union Address, Trump Vows To Block Iran's Nuclear Ambitions
Унинг бу сўзлари АҚШнинг Яқин Шарқда кенг кўламли ҳарбий куч тўплаши фонида, шунингдек 26 февралга белгиланган АҚШ–Эрон музокаралари арафасида янгради. Музокаралар асосан Эроннинг ядровий дастурига қаратилган бўлиб, Теҳрон унинг мақсади электр энергияси ишлаб чиқариш каби тинч, фуқаровий эҳтиёжларга хизмат қилишини таъкидлаб келади.
"Ўнлаб йиллар давомида Қўшма Штатлар сиёсати Эронга ядровий қуролга эга бўлишга ҳеч қачон йўл қўймаслик бўлиб келган. Кўп йиллар давомида", — деди Трамп.
1979 йилги инқилобдан бери Эрондаги руҳоний раҳбариятни назарда тутиб, Трамп шундай деди:
"Улар 47 йил олдин ўша фахрли миллат устидан назоратни қўлга олганидан буён, режим ва унинг қотилона прокси кучлари террор, ўлим ва нафратдан бошқа ҳеч нарса тарқатгани йўқ."
Трамп, шунингдек, сўнгги ички норозиликлар чоғида Эрон ҳокимияти "ўз мамлакатида камида, 32 минг намойишчини ўлдирган", деб таъкидлади.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари тахминан 7 мингта ўлим ҳолатини ҳисоблаган, аммо ҳақиқий рақам анча юқори экани кенг тарқалган фикр ҳисобланади.
Трамп Эрон ҳақидаги фикрларини қуйидаги огоҳлантириш билан якунлади:
"Ҳеч бир давлат Америка қатъиятидан шубҳаланмаслиги керак. Биз Ер юзидаги энг қудратли армияга эгамиз."
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Student Protests Continue To Spread Across Tehran
Трампнинг мурожаатига жавоб сифатида кўрилган баёнотда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий ижтимоий тармоқларда АҚШ маъмурияти ёлғон тарқатаётганини ёзди.
"Улар Эроннинг ядровий дастури, баллистик ракеталари ва январ ойидаги норозиликлар чоғида қурбонлар сони ҳақида нимаики даъво қилаётган бўлса, бу шунчаки 'катта ёлғонлар'ни такрорлашдир", — деб ёзди у.
Украина
Трамп нутқининг ушбу қисми Украина ҳақидаги қисқа изоҳлар билан бошланди. Россиянинг кенг кўламли босқини ҳозир бешинчи йилга кирди.
Трамп ўз маъмурияти урушни тугатиш учун "жуда қаттиқ иш олиб бораётгани"ни айтди. У ўтган ҳафта Швейцариянинг Женева шаҳрида уч томонлама учрашувлар билан давом этган бир неча ойлик музокараларга ишора қилди.
Унинг бош элчиси Стив Уиткофф ҳам йиғилишда қатнашди. У сўнгги музокаралар раунди якунланганидан кейин тафсилот бермасдан "сезиларли тараққиёт"га эришилганини билдирди ва "ҳар икки томон келишувга эришиш йўлида ишни давом эттиришга келишиб олди", деб қўшимча қилди.
25 феврал куни Украина президенти Владимир Зеленский Киевда журналистларга Россия билан АҚШ воситачилигидаги янги музокаралар раунди март ойида ўтказилишини маълум қилди.
Трампнинг Украина ҳақидаги баёнотлари катта тафсилотларга бой бўлмади, аммо у яна бир бор можаронинг даҳшатли инсоний қурбонлари мавзусига қайтди.
"Ҳар ой 25 минг аскар ҳалок бўлмоқда. Шу ҳақда ўйлаб кўринг, бир ойда 25 минг аскар ҳалок бўлмоқда", — деди у.
Қурбонлар сони расман эълон қилинмайди ва уни мустақил равишда тасдиқлаб бўлмайди. Бироқ яқиндаги бир ҳисоботга кўра, ҳалок бўлган, яраланган ва бедарак йўқолганлар сони 1,2 миллион нафар россиялик ва 500–600 минг нафар украиналикни ташкил этган.
Сайловолди кампаниясида тез-тез айтилган даъвосини такрорлар экан, Трамп уруш "агар мен президент бўлганимда, ҳеч қачон содир бўлмас эди", деди.
Бу баёнотлар Европа етакчилари можаронинг тўртинчи йиллиги муносабати билан Киевни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаётган, шунингдек Вашингтоннинг узоқ муддатли стратегияси бўйича саволлар очиқ қолиб турган бир пайтда янгради.
Энергетика, тарифлар
Трампнинг ташқи сиёсати унинг ички иқтисодий дастури билан яқин боғлиқ эди.
У “drill, baby, drill” (нефть ва газ қазиб олишни кескин ошириш) сиёсати доирасида нефть ва газ ишлаб чиқариш кенгайтирилганини таъкидлаб, АҚШда ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши — шунингдек, унинг таъбири билан айтганда, Венесуэладаги “ёруғ янги бошланиш” — жаҳон энергия нархларини пасайтиришга ёрдам беради, деб билдирди.
Венесуэлани “бизнинг янги дўстимиз ва ҳамкоримиз” деб атаган Трамп, узоқ йиллик раҳбар Николас Мадуро ҳокимиятдан четлатилганидан сўнг АҚШ 80 миллион баррель нефтьга эга бўлганини айтди.
Савдо масаласида Трамп хорижий мамлакатлар тўлайдиган тарифлар охир-оқибат “замонавий даромад солиғи тизими”ни алмаштириши ва америкаликлар учун молиявий юкни енгиллаштиришини билдирди.
Нутқ давомида Трамп асосий ғояга — Американинг қайта юксалишига — қайта-қайта урғу берди.
Трампнинг нутқи республикачилар томонидан олқишлар ва тик турган ҳолда қарши олинган бўлса, демократлар тошдек сукут сақлаб ўтирди, фақат айрим ҳолларда ҳайқириқлар эшитилди.
Партиянинг расмий жавобини тақдим этар экан, Виржиния губернатори Абигейл Спанбергер Трамп “иқтисодий қудрат ва технологик устунликни Россияга топширишда давом этаётгани, Хитой олдида эгилгани, рус диктатори олдида бош эггани ва Эрон билан уруш режаларини тузгани”ни айтди.
Ўнлаб демократлар тадбирни бутунлай бойкот қилиб, Вашингтоннинг бошқа жойида алоҳида йиғилиш ўтказди ва у ерда Трампни қатор масалалар бўйича танқид қилди.
“Мен бугун кечқурун ‘Мамлакат аҳволи тўғрисида’ги нутқда иштирок этмаяпман, чунки бу оддий вақтлар эмас ва демократлар одатдагидек йўл тутишни бас қилиши керак”, — деди демократ сенатор Крис Мёрфи.