Туркия президенти лавозимига номзод Россияни сайловга аралашганликда айблади

Кемал Қиличдарўғлу

Туркия президенти лавозимига мухолифатдаги олти партиядан номзод ўлароқ кўрсатилган Кемал Қиличдарўғлу Россияни сайловолди кампаниясига аралашаётганликда айблаб чиқди.

Амалдаги президент Эрдўғонга асосий рақиб ҳисобланган Қиличдарўғлу Twitter'даги ўз саҳифаси орқали сайловолди кампаниясидаги “фитна ва фейклар орқасида” россияликлар турганини иддао қилди.

“Агар 15 майдан кейин ҳам дўстлигимиз давом этишини истасангиз, Турк давлатидан қўлингизни тортинг”, дейилган мазкур постда. Айни пайтда сиёсатчи аввалгидек Россия билан ҳамкорлик ва дўстлик тарафдори эканини қайд этган.

Бу баёнотга Россия томонидан қандай жавоб бўлгани ҳозирча маълум эмас.

Туркияда президент сайлови 14 майга белгиланган. Унда асосий кураш Эрдўғон билан Қиличдарўғлу ўртасида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Кўплаб сўров натижаларига кўра, мухолифат номзоди овозлар сони бўйича амалдаги президентдан олдинда бормоқда, бироқ сайловнинг биринчи босқичида ғолиб аниқланмаслиги мумкин. Якшанба куни ўтажак сайловда номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиз овозини йиғолмаган тақдирда, 28 май куни сайловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади.

Аввалроқ президентликка номзодлардан бири - “Мемлекет” партияси лидери Муҳаррем Инже сайлов пойгасини тарк этгани ҳақида хабар қилинган. Тахминларга кўра, унинг мазкур қарори Қиличдарўғлу позициясини мустаҳкамлаши мумкин. Associated Press агентлигининг ёзишича, аввалроқ Инже мухолифат тарафдорларининг сафларини бўлаётганликда айбланган.

Таҳлилчиларга кўра, Россия учун Туркия ҳокимияти тепасида кўп йиллардан буён Владимир Путин билан фаол мулоқот қилаётган Ражаб Тоййиб Эрдўғон қолгани манфаатлироқ. Эрдўғон даврида Туркия Украинага қарши тажовузкор уруш олиб бораётган Россияга қарши жорий этилган санкцияларга қўшилмаган. Айни пайтда мамлакат Украинага “Байрактар” дронлари дохил айрим қурол-аслаҳаларни етказиб беряпти.

Шунингдек, Туркия воситачилигида уруш аввалида Россия томонидан тўсиб қўйилган Украина портларидан дон маҳсулотларини олиб чиқиш бўйича “ғалла битими” тузилган.