Туркия туркманистонликлар учун визасиз тартибни вақтинча бекор қилди

Туркманистонлик фуқароларнинг Туркиядаги норозилик намойишларидан бири, 2022 йил 21 июни

Туркия расмий Ашхобод талаби билан Туркманистон фуқаролари учун визасиз тартибини бекор қилди. Бунга оид ҳукумат қарори 13 сентябрь куни президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан имзоланган.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги сентябрь ойи бошида “Туркияда туркманистонлик фуқаролар бўлишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш учун” туркманистонликлар учун “вақтинча” виза тартиби жорий этиш илтимоси билан Анқарага мурожаат қилганини билдирган эди.

Туркияда яшовчи туркманистонликларнинг кўпи бу қадамни бу ердаги ҳуқуқ фаолларини назорат қилишга уриниш ўлароқ кўришмоқда.

Виза тартиби жорий этилгунига қадар туркманистонликлар Туркияда 30 кунгача визасиз юришлари мумкин эди. Уларда иш учун рухсатнома ёки узоқ муддатли виза олиш йўли билан Туркияда қонуний қолиш муддатини осонгина узайтириш имкони ҳам бор эди.

Туркия давлат миграция хизмати маълумотига кўра, 1 сентябрь ҳолатига мамлакатда 230 мингга яқин туркманистонлик доимий яшаб келган. Норасмий маълумотларга кўра эса улар сони бундан бир неча баравар кўп бўлиши мумкин, чунки Туркияда ноқонуний юрган туркманистонликлар ҳам талайгина.

Туркманистон ТИВнинг виза тартибини жорий этишга оид талабномаси Анқарага Туркияда юрган туркманистонликларнинг бир гуруҳи собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов ва бошқа юқори лавозимли шахсларни судга берганидан тақрибан бир ой ўтиб йўлланган.