Туркияда қўлга олинган мухолифат фаоли Тожикистонга депортация қилиниши мумкин

Иллюстратив сурат

Туркияда Тожикистон ҳукуматига мухолифатда бўлган “24 гуруҳи” фаоли Фируз Бобоев қўлга олинди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати. Мазкур гуруҳ Тожикистонда экстремистик ташкилот ўлароқ тақиқланган.

“24 гуруҳи” вакиллари 5 февраль куни Туркияда сиёсий қочқин сифатида 2016 йилда қайдга олинган Бобоев “иккинчи марта қўлга олинаётгани” ҳақида маълум қилишган.

Бу сафар у 21 январь куни қўлга олинди ва ҳозирда уни депортация қилиш масаласи ҳал қлиинмоқда”, дейилган “24 гуруҳи” баёнотида.

Баёнотда Фируз Бобоев биринчи марта Тожикистон талаби билан 2024 йилнинг август ойи бошида қўлга олингани, бироқ кейин октябрь ойида қўйиб юборилгани қайд этилган.

“24 гуруҳи” Туркия расмийлари Бобоевни озод қилишига кўмаклашиш илтимоси билан ҳуқуқбонлик ташкилотлари ва демократик давлатларнинг барчасига мурожаат билан чиққан.

Тажрибадан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Туркия эркин фикрловчи кишилар яшаши мумкин бўлган мамлакат эмас. Ҳар дақиқада Бобоев Тожикистонга депортация қилиниши ва узоқ муддатга қамоқхонага ташланиши эҳтимоли бор”, дейилган баёнотда.

Очиқ манбаларда Фируз Бобоев айнан нимада айбланаётганига оид маълумот йўқ.

“24 гуруҳи” ҳам Бобоевга қўйилаётган айбловга доир бирор тафсилот келтирган эмас, бироқ Тожикистонда бу ташкилот фаолиятида иштирок этганлик учун ўнлаб фуқаро ҳибсга олиниб, қамоққа ташланган.

2024 йил февраль ва март ойларида Истанбулда “24 гуруҳи” лидери Суҳроб Зафар ҳамда бу ҳаракатнинг Туркиядаги вакили Насимжон Шарифов дараксиз йўқолган, улар кейинроқ Душанбедан топилиб, бири 30 йилга, яна бири 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган.