Туркман президенти нефть-газ саноати назоратини ўғлига топширди

Сердар Бердимуҳамедов жорий йил февралидан бери Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов нефть-газ саноати назоратини Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаётган ўғли Сердар Бердимуҳамедовга топширди. Бу ҳақда ҳукуматга қарашли “Нейтрал Туркманистон” газетаси хабар берди.

Туркманистон жаҳондаги энг йирик табиий газ захирасига эга ва жаҳонда газ экспорти бўйича 4-ўринда туради.

Углеводородлар савдоси давлат бюджетининг асосий даромад манбаидир. Crude Accountability халқаро ҳуқуқ ташкилоти ҳисоботида таъкидланишича, газ экспортидан тушаётган даромаднинг 80 фоизи хусусий шахслар, жумладан, президент Бердимуҳамедов ва унинг оиласи чўнтагига тушмоқда.

Давлат бюджетидаги камомад ортидан Туркманистонда бир неча йилдан бери иқтисодий инқироз давом этмоқда, аммо ҳукумат буни тан олмаяпти.

Сердар Бердимуҳамедов жори йил февралидан бери Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. Мазкур ҳолат Гурбангули Бердимуҳамедов ўғлини ўзининг ҳокимиятдаги вориси ўлароқ кўраётганини англатади.