Туркманистон президенти интернет устидан назоратни кучайтиришни буюрди

Гурбангули Бердимуҳамедов

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатда интернет устидан назоратни кучайтириш юзасидан топшириқ берди. Туркманистон шунингсиз ҳам дунёдаги Интернет тезлиги энг паст, хизмат ҳақи эса энг қиммат мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, Давлат хавфсизлиги кенгашининг 12 январь куни ўтказилган мажлисида Бердимуҳамедов Миллий хавфсизлик вазирлигини ҳозирги ҳарбий-сиёсий вазият ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизликка оид ҳолатни таҳлил қилиб, унинг Туркманистонга таъсирини баҳолашга чақирган.

“Интернет устидан кузатув етарли даражада амалга оширилмаган”, дея билдирган Бердимуҳамедов ўтган йил якунларига тўхталар экан. У Миллий хавфсизлик вазирлиги зиммасига “мамлакатдаги конституцион тузум талабларига жавоб бермайдиган, террорчилик, экстремизм, миллатчилик ва бошқа ғайриқонуний фаолиятни тарғиб қиладиган” ресурсларни аниқлаш вазифасини юклаган.

Туркманистонда кўп йиллардан бери Facebook, Twitter, YouTube каби йирик ижтимоий тармоқлар ҳамда мустақил хабар агентликлари сайтлари кўп йиллардан бери ёпиқлигича қолмоқда.

Бердимуҳамедов баёноти қўшни Қозоғистонда кузатилган норозилик чиқишлари ва ҳукумат кризиси ортидан берилди.

Сўнгги йилларда дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири ҳисобланмиш Туркманистон ҳукумати фуқароларнинг ахборот олиш имконияти устидан назоратни кучайтириб борган.