Туркманистонда Россиядан қайтган 25 чоғли эркак аэропортдан тўғри военкоматга олиб кетилди

Туркманистондаги бекатда турган ҳарбийлар (архив сурати)

Туркманистоннинг Болқон вилоятида 25 га яқин эркак аэропортдан тўғри армияга олиб кетилган. Россиядаги Саратов давлат университетини тугатган бу йигитлар 5 октябрь куни ватанига қайтишган эди, дея хабар қилди Озодликнинг туркман хизмати йигитларнинг ота-онасидан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Ўғли ҳарбий хизматга олиб кетилган болқонлик аёлнинг айтишича, аэропортда йигитларни ҳарбий комиссариат, Миллий хавфсизлик вазирлиги ва полиция вакиллари кутиб олишиб, “улар билан жиноятчидек муомала қилишган”.

Айрим ота-оналарга кўра, уларнинг фарзандлари июнь ойида ўқиш тугаши биланоқ Туркманистонга қайтмаганликда айбланган. Йигитларнинг кўпчилиги яқинлари билан гаплашишга ҳам муваффақ бўлолмаган. Бундай имконият фақат икки кишигагина берилган. Озодлик туркман хизматининг ёзишича, бу икки кишига имтиёз берилишига уларнинг қариндошлари Миллий хавфсизлик вазирлигининг маҳаллий бошқармасида ишлаши сабаб бўлган.

Туркманистонда муддатли ҳарбий хизмат мажбурий бўлиб ҳисобланади. Армияга чақирув президент фармонига мувофиқ йилига икки марта амалга оширилади.

16 сентябрь куни Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов галдаги фармонни имзолаган. Унга мувофиқ, 2023 йилнинг октябрь-декабрь ойларида ҳарбий хизматга чақирилишдан озод бўлиш ёки хизматни кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳамда ёши 18 дан 27 гача бўлган эркаклар армияга чақирилади.