Новая Каховканинг Россия тайинлаган вице-мэри бандитизмда айбланиб қўлга олинди

Украинанинг Херсон вилояти Новая Каховка шаҳар мэрининг биринчи ўринбосари Виталий Ефименко Россия полицияси томонидан бандитизмда айбланиб қўлга олинди. Унинг уйидан қурол ва бир неча ўн миллион рубль топилди. Бу ҳақда "Коммерсантъ" ИИВга таянган ҳолда хабар берди.

Россия ИИВнинг Херсондаги вақтинчалик бошқармаси ходимлари икки тадбиркорга қилинган ҳужум юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида Ефименконинг изига тушган. ИИВнинг билдиришича, полиция Ефименко доҳил қуролли гуруҳ аъзоларини қўлга олган. Қанча киши ушлангани маълум қилинмаган.

Херсон вилояти Россия армияси томонидан босиб олинганидан сўнг Москва маҳаллий тадбиркор Ефименкони Новая Каховка мэри ўринбосари лавозимига тайинлаган эди. Август ойи бошларида унга суиқасд уюштирилган, аммо у тирик қолган. Украина матбуоти Ефименко Херсонда таниқли криминал авторитет экани ҳақида ёзганди.

6 август куни Новая Каховканинг Москва томонидан тайинланган яна бир вице-мэри Витай Гура ўлдириб кетилган эди. 5 август куни эса Херсон вилоятининг Россия тайинлаган ҳокими Владимир Салдо заҳарлангани хабар қилинган.