Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ўтказилган сохта референдумлар натижалари эълон қилинди

Донецкдаги овоз бериш участкаси.

Айирмачи Донецк вилоят «сайлов комиссияси»нинг билдиришича, овоз беришда қатнашганларнинг 99,23 фоизи Россияга қўшилишни маъқуллаган. Луганск вилоятида 98,42 фоиз, Запорожьеда 93,11 фоиз, Херсон вилоятида 87,05 фоиз сайловчи “Россияга қўшилиш учун овоз берган”.

«Референдум»лар якунланишидан бир неча соат олдин Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев телеграм саҳифасида: «Референдумлар якунланди. Натижалари аниқ. Уйингиз Россияга хуш келибсиз!» деб ёзди.

Украинанинг босиб олинган ҳудудларини Россия таркибига қўшиб олиш масаласи 4 октябрда Федерация кенгашида кўриб чиқилиши кутилмоқда. Аммо ўзини ЛХР деб атаб олган тан олинмаган ҳудуд раҳбари Леонид Пасечник президент Путиндан вилоятни 28 сентябрдаёқ Россияга қўшиб олишни илтимос қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский: «Оккупация қилинган ҳудудларда ўтказилган фарсни хатто референдумларнинг имитацияси деб ҳам атаб бўлмайди» , деди. Унга кўра, Украина армияси ҳар қандай шароитда ҳам украин ерларини озод қилишдан воз кечмайди. Зеленский Россия «референдум» натижаларини тан олса, «Путин билан сўзлашадиган ҳеч қандай гапи қолмаслиги»ни айтди.

Ғарб давлатлари Россияни бир неча марта «референдум» натижаларини тан олмасликлари тўғрисида огоҳлантирди. 27 сентябрь куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен: «Украина ўзининг барча ҳудудларида абсолют даражада мудофаа ҳуқуқига, жумладан, Россия томонидан турли йўллар билан босиб олинган ерларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга», деб баёнот берди. Блинкен президент Жо Байденнинг сўзларини такрорлаб, «сохта референдумлар ўтказган Россияга нисбатан қўшимча қатъий санкциялар жорий этилиши»ни айтди.

Ғарб давлатлари «сохта» деб атаётган «референдум»лар 23 сентябрдан 27 сентябргача Украинанинг босиб олинган ҳудудлари («ЛХР», «ДХР», ва Херсон ҳамда Запорожье вилоятларининг бир қисми)да ўтказилди.