Украинанинг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш бўйича референдумлар бошланди

Мелитополдаги тарғибот баннери.

Ўзларини ДХР ва ЛХРП деб номлаб олган тан олинмаган айирмачи ҳудудларда, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларининг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш юзасидан референдум бошланди. Украина, АҚШ ва Ғарб давлатлари референдумларни тан олмасликларини билдирган.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия ўтказаётган референдумларни “сохта” деб танишларини маълум қилган.

Ўзларини ДХР ва ЛХРП деб номлаб олган тан олинмаган айирмачи ҳудудларда, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятларининг босиб олинган ҳудудларида Россияга қўшилиш юзасидан референдумларда гўёки “овоз бериш” беш кун -23 дан 27 сентябргача давом этади.

Биринчи тўрт кунда у сайлов участкаларида эмас, балки кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларида яшовчиларга адресли келиш йўли билан амалга оширилади. Донбассдаги, Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия босиб олган ҳудудларидаги сайлов участкаларида овоз бериш 27 сентябрь куни ўтказилади.

Оккупацион маъмурият бу қарорни аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш билан изоҳламоқда. Чунки “овоз берувчилар”нинг асосий қисми фронт олди ҳудудларида яшайди. Россияда эса овоз бериш участкалари бугундан бошлаб очилади.

Ғарб давлатлари ва Киев референдумни тан олмасликларини ва унинг “сохта” деб ҳисоблашларини билдирган.