Москвада портлаш: Генералнинг туғилган кун зиёфатида "ҳудкуш" ҳужуми бўлгани айтилмоқда. Қурбонлар бор

Москва марказидаги ресторанда юз берган портлаш жойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари. 2026 йил 1 август. Reuters сурати.

Россия ИИВ маълумотига кўра, Москвадаги Кудринская майдонида жойлашган ресторандаги портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна камида 15 киши жабрланган.

Портлашдан бир неча соат ўтиб, Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси ресторанга портловчи қурилмани олиб киришга уринган аёлдаги бомба ишга тушганини маълум қилди.

Куч тузилмаларига алоқадор Mash ва Shot телеграм-каналлари ҳодиса «Баррикадная» метро бекати яқинидаги «Авиаторлар уйи» деб номланувчи сталинча осмонўпар бинонинг биринчи қаватида жойлашган Balzi Rossi ресторанида содир бўлганини ёзмоқда.

Телеграм-каналларга кўра, Balzi Rossi — қимматбаҳо ресторан бўлиб, унга «элита» деб аталувчи қатлам вакиллари ташриф буюради.

Гувоҳлардан бири RusNews нашрига ресторан ичида «том маънода даҳшатли манзара» бўлганини айтган.

Mash ва Shot телеграм-каналлари дастлаб портлаш ресторан ошхонасидаги газ сизиб чиқиши оқибатида содир бўлганини ёзди.

Бироқ Astra нашри маҳаллий аҳолига таяниб, мазкур бино умуман газ тармоғига уланмаганини хабар қилди.

«112» телеграм-канали маълумотига кўра, ҳодиса жойида сапёрлар иш олиб бормоқда.

Ресторан бош ошпази Карло Альфиери ижтимоий тармоқларда «Ресторанимиз ҳам, ошхонамиз ҳам мутлақо соз ҳолатда эди... Муаммо ресторан ташқарисида юз берди!» деб ёзди. Шу билан у айрим телеграм-каналларда тарқалган ошхонадаги газ баллони портлагани ҳақидаги хабарларни тасдиқламади.

ВЧК-ОГПУ телеграм-канали эса ресторан верандасида бир шахс қўлидаги портловчи қурилма ишга тушганини иддао қилди. Каналга кўра, ҳалок бўлган бу шахсдан эҳтимол «қоронғида фойдаланилган» бўлиши мумкин.

Бу версия ҳозирча ҳеч қандай мустақил манбалар томонидан тасдиқланган эмас.

Москва марказидаги ресторанда юз берган портлаш жойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва қутқарув хизматлари ходимлари. 2026 йил 1 август. Reuters сурати.

Balza Rossi ресторани сайтида 1 август куни муассаса банкет муносабати билан ёпиқ бўлиши маълум қилинган.

Shot телеграм-канали у ерда 50 нафар меҳмон иштирокида тўй ўтказилаётганини иддао қилди. «112» телеграм-канали ҳам тўй ҳақида хабар берди.

Бироқ Astra нашри гувоҳлардан бирига таяниб, ресторанда маълум бир генералнинг туғилган кунига бағишланган банкет бўлганини ёзди. Нашрга кўра, ҳодиса жойи яқинида Росгвардия автобуси турган, бинода эса одатда куч тузилмалари ва ҳарбийлар фойдаланадиган қора давлат рақамли кўплаб автомобиллар тўхтаб турган.

Бу маълумотлар ҳозирча расмий тасдиқланмаган.

Москва марказидаги осмонўпар бино ёнида портлаш содир бўлган ҳудуд полиция томонидан ўраб олинган. 2026 йил 1 август. Reuters сурати.

«Коммерсант» нашри манбалари кейинчалик портлаш тафсилотларини маълум қилди. Уларнинг сўзларига кўра, ресторан киришида қўриқчи аёл олиб келган қутини текширишни талаб қилган. Аёл уни совға эканини айтган, шу пайт портлаш содир бўлган.

Нашр суҳбатдошлари тахминича, портловчи қурилма масофадан туриб ишга туширилган бўлиб, курьер аёл посилка ичида нима борлигини билмаган. Манбаларга кўра, портлаш кучи тахминан 1 килограмм тротил эквивалентига тенг бўлган. Қурилма металл шарикчалар билан тўлдирилгани сабаб ресторан верандасидаги меҳмонлар ҳам жароҳат олган.

«Коммерсант» ёзишича, «курьер аёл танаси парчаланиб кетган, унинг қўли портлаш жойидан тахминан 15 метр узоқликда топилган».

«ВЧК-ОГПУ» телеграм-канали эса «худкуш»нинг нишонга олинган шахси «мигалка ўрнатилган автомобилда келган меҳмон» бўлганини иддао қилди. Каналга кўра, хизмат автомобили веранда ёнига келиб тўхтаганида, қўлида бомба бўлган шахс унга қараб йўналган ва шу заҳоти портлаш юз берган.

Канал маълумотига кўра, ёпиқ банкет меҳмонлари орасида Россия Давлат думаси депутати Зелимхан Муцоев ҳам бўлган. У портлашда жабрланмаган.

Москва транспорт департаменти эса ўша куни кечқурун Боғ ҳалқаси бўйлаб ўтиши режалаштирилган тунги велосипед фестивали «кўзда тутилмаган ҳолатлар» сабаб бошқа санага кўчирилганини маълум қилди.