Ўзбекистон қонунчилигидан «диний экстремизм» атамаси чиқариб ташланди

ИИВ ходимлари диний экстремизмда гумон қилинган шахснинг уйида тинтув ўтказмоқда. Ўзбекистон ИИВнинг архив сурати.

Ўзбекистонда экстремизмга оид ҳуқуқбузарликлар учун жазолар енгиллаштирилди. Президент Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни Бош прокуратура ишлаб чиққан ва августда парламент маъқуллаган тегишли қонунни имзолади. Ўзгартишлар 3 ноябрдан кучга кирди.

Асосий ўзгартишлардан бири — биринчи марта содир этилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилганидир. Бу экстремистик материаллар ва рамзларни сақлаш ёки тайёрлаш билан боғлиқ, биринчи марта содир этилган ҳуқуқбузарликларга тааллуқли. Бунинг учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланган. Бир БҲМ 440 минг сўмга, яъни қарийб 36 долларга тенг. Ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, жиноий жавобгарлик юзага келади.

Бундан ташқари, қонун билан бутун қонунчиликда қўлланиб келган «диний экстремизм» атамаси умумий «экстремизм» атамасига алмаштирилди. Қонун муаллифлари ва ишлаб чиқувчиларининг фикрича, бу экстремизмни муайян дин билан боғлашни истисно этади ва ягона ҳуқуқий ёндашувни таъминлайди.

Экстремистик, сепаратистик ва бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, уларга раҳбарлик қилиш ҳамда уларда иштирок этиш учун жавобгарлик ҳам қайта кўриб чиқилди. Илгари бу қилмишларнинг барчаси учун бир хил — 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган эди. Энди ижтимоий хавфи нисбатан камроқ бўлган қилмиш, яъни бундай ташкилотларда иштирок этиш учун уларни тузиш ёки уларга раҳбарлик қилишга нисбатан енгилроқ жазолар белгиланди.

Қонунда Адлия вазирлиги экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг (манбаларнинг) электрон реестрини юритиши ҳам назарда тутилган. Хабар қилинишича, реестр вазирлик сайтига жойлаштирилади ва барча учун очиқ бўлади.

Gazeta.uz аниқлик киритишича, эндиликда экстремизм деганда қуйидаги қилмишлар тушунилади: конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ҳокимиятни эгаллаш ва бунга тайёргарлик кўриш, ноқонуний қуролли тузилмалар тузиш ёки уларда иштирок этиш, террорчилик фаолиятига очиқ даъват қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш ва бошқалар.

Ўзбекистоннинг марҳум биринчи президенти Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида минглаб одамлар экстремизм айбловлари билан ҳибсга олиниб, судланган. Ҳукумат қаттиққўл чораларни радикаллашув ва террорчилик таҳдидларига қарши кураш зарурати билан изоҳлаган. Айниқса, 1999 йилда Тошкентда содир этилган терактлар ва 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин бундай чоралар кучайган. Соқол қўйиш, «нотўғри» масжидга бориш, ҳижоб ўраш ёки уйда давлат цензурасидан ўтмаган диний адабиётларни сақлаш ҳибсга олиш ёки айблов қўйишга сабаб бўлиши мумкин эди.

БМТ, Human Rights Watch ва Amnesty International каби халқаро ташкилотлар экстремистик жиноятларга оид айбловларнинг ноаниқ ифодаланиши, мухолифатнинг қаттиқ бостирилиши, озодликдан маҳрум этиш муассасаларида масжидларнинг ёпилиши ва ҳибсга олинганларга нисбатан мунтазам қийноқ қўлланиши учун Тошкентни доимий равишда танқид қилиб келган.