Президент қароридан сўнг пропан нархи икки кунда 65 фоизга ошди

Иллюстративное изображение

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида пропан нархи икки кунда қарийб 65 фоизга ошиб, тарихий энг юқори кўрсаткич — бир тоннаси учун 12,2 миллион сўмга етди. Озодлик буни биржанинг 16–18 сентябрь кунларидаги савдо маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқди.

Нархнинг кескин кўтарилиши президентнинг 12 сентябрдаги ПҚ-326-сон қарори билан пропаннинг биржа савдоларидаги нарх ўсишига қўйилган чеклов бекор қилинганидан кейин юз берди.

Қарорга кўра, суюлтирилган газ бозорига хусусий компаниялар киритилиб, давлат назоратидаги таъминот тизими босқичма-босқич рақобатга очилади. Хусусий операторлар газни мустақил импорт қилиб, аҳолига тўғридан-тўғри сотиши мумкин бўлади. Бу тартиб дастлаб 1 октябрдан Андижон вилоятида синовдан ўтказилиб, кейинчалик бошқа ҳудудларга ҳам жорий этилиши кўзда тутилган.

Мавзуга алоқадор

Суюлтирилган газ таъминоти хусусийлаштирилади: “Андижон тажрибаси” муаммони ҳал қиладими?


16 сентябрда бир тонна пропан 7,4 миллион сўм (қарийб 625 доллар) бўлган бўлса, 18 сентябрда унинг нархи 12,2 миллион сўмга (қарийб 1 030 доллар) етди. Айни пайтда савдо ҳажми 666 тоннадан 1 114 тоннага — 67 фоизга ошди.

Шу билан бирга, бошланғич нархга қўйилган чеклов сақланиб қолди: агар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ёки импортчилар белгилаган дастлабки нарх бир тонна учун 7,5 миллион сўмдан (қарийб 635 доллар) ошса, биржа уларнинг буюртмаларини қабул қилмайди. 10 фоизлик чеклов бекор қилинишидан олдин савдолардаги энг юқори нарх амалда бир тонна учун қарийб 697 долларни ташкил этарди.

Ҳукумат пропаннинг биржа нархи ўсишини 2024 йил ноябрида, суюлтирилган газ нархи бир тонна учун 10,1 миллион сўмдан (қарийб 850 доллар) ошганидан кейин чеклай бошлаган. Ўшанда нарх ўсиши бошланғич нархнинг 20 фоизи билан чекланган, 2026 йил 12 январдан эса бу чегара 10 фоизга туширилган.

Аввалроқ Рақобат қўмитаси пропан импорт қилувчиларнинг бошланғич нархларни асоссиз ошириши ва биржа савдоларига чиқариладиган ҳажмларни қисқартириши юзасидан ҳам текширув ўтказган. Март ойида идора 31 та компания фаолиятида қоидабузарликлар аниқланганини маълум қилиб, чекловлар жорий этилгандан кейин пропан нархини қарийб 21 фоизга пасайтиришга эришилганини билдирган.