Ўзбекистонда кредит тўлаш учун боласини сотмоқчи бўлган эр-хотин қамалди

Иллюстратратив сурат

Фарғона шаҳрида суд янги туғилган ўғлини сотишга уринган эр-хотинни 5 йилдан озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Zo'r TV телеканалининг Bu kun дастури хабар берди.

Олий суд маълумотига кўра, улар болани сотишдан тушадиган пулни кредит қарзларини узишга сарфлашни режалаштирган.

Суднинг аниқлашича, ёш оила диний никоҳда яшаган. 2025 йил октябрь ойида фарзанди туғилгач, улар молиявий қийинчиликлар ва оилавий келишмовчиликларга дуч келган. Иш топа олмаган ва қарзлари кўпайган жуфтлик чақалоғини сотишга қарор қилган.

Судланувчи аёлнинг айтишича, кредитларини тўлагандан сўнг онаси билан бирга ишлаш ва янги ҳаёт бошлаш мақсадида Туркияга кетишни режалаштирган.

Унинг сўзларига кўра, бу масалани турмуш ўртоғи билан ҳам муҳокама қилган. «У: “Майли, агар сенга шу керак бўлса. Кейин ажрашамиз”, деди», — дея кўрсатма берган аёл.

Фарғона шаҳар жиноят ишлари бўйича суди ҳар иккисини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси («Одам савдоси») бўйича айбдор деб топиб, ҳар бирига 5 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Суд, шунингдек, боланинг кейинги тақдирини белгилаб, уни Қўқон шаҳар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Болаларни ҳимоя қилиш бўлими ихтиёрига топширди.

ИИВ маълумотига кўра, 2025 йил давомида Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ 177 та ҳолат қайд этилган. Ўтган йили мамлакатда одам савдоси учун жазо чоралари янада кучайтирилган.