АҚШ “Вагнер” ҳарбий ширкатини жиноятчи ташкилот деб эълон қилди

АҚШ «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкатини трансмиллий жиноий ташкилот сифатида эълон қилди ва қатор шахсларга нисбатан янги санкциялар жорий этди.

АҚШ Молия вазирлигининг билдиришича, санкциялар рўйхатига Россия саноат савдоси вазири ва бош вазир ўринбосари Денис Мантуров, Татаристон президенти Рустам Минниханов, бизнесмен Сергей Адоньев киритилди.

Вашингтон «Вагнер» ва унинг асосчиси Евгений Пригожин билан ҳамкорлик қилган деб ҳисоблайдиган олти шахсни ва 12 ширкатни ҳам санкциялар рўйхатига қайд этди.

Бундан ташқари АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон Украина босқинига алоқадор бўлган 531 рус ҳарбийсига виза чеклови жорий этишини билдирди.

АҚШ «Вагнер»ни жиноий ташкилот деб эълон қилиши ва унга қўшимча санкциялар жорий этиши тўғрисида бир неча кун олдин хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби маълум қилган эди.

“Вагнер” ва Пригожин бундан аввал ҳам ЕИ ва АҚШ санкцияларига дучор бўлганди. Пригожин “Вагнер”нинг жиноий ташкилот сифатида эълон қилишини шарҳлар экан: “Энди “Вагнер” ва америкаликлар ҳамкасб бўлди. Бизнинг ўзаро муносабатларимизни энди “жиноий кланларнинг разборкаси” деб атасак бўлаверади”, деб айтди.

“Вагнер” Россиядаги норасмий ҳарбий хусусий ширкат бўлиб, у Сурия, Африка ва Украинадаги урушларда иштирок этган.

Аввалроқ “Вагнер” Украина урушига Россия қамоқларида ўтирган маҳкумларни ёллаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.