Исроил 9 ноябрдан бошлаб Ғазо шаҳри аҳолиси хавфсиз жойларга чиқиб кетиши учун кунига бир неча соатдан танаффус эълон қилади. Жумладан, 10 ноябрь куни Исроил армияси 6 соатлик танаффус эълон қилганини билдирди.
Вашингтон Исроилнинг бу қарорини олқишлади. Оқ Уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирбининг маълум қилишича, бу масала АҚШ ва Исроил расмийлари, жумладан, президент Жо Байден ва бош вазир Бинямин Нетаняҳу ўртасидаги сўзлашувларда кўтарилган эди.
Кирбига кўра, ўт отишнинг бир неча соатга тўхтатилиши Ғазо аҳолисига хавфсиз жойларга чиқиб кетиш ва гуманитар ёрдам етказиб беришга, шунингдек, гаровдагиларнинг озод қилинишига имконият яратади.
Оқ Уй расмийси ўт отишни тўлиқ тўхтатиш ҳозирда мақсадга мувофиқ эмаслигини, бу ҳолат фақат ҲАМАСга қўл келиши мумкинлигини айтди.
ҲАМАС АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.
9 ноябрда ҲАМАС назоратидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги уруш бошланган 7 октябрдан бери 10812 киши ҳалок бўлгани ва уларнинг 4412 нафари бола эканини билдирди.
Исроилда эса 1400 киши ҳалок бўлган. ҲАМАС 240 нафардан кўпроқ кишини гаровга олган.