Харьков бомбардимон қилингани оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди (ВИДЕО)

Харьков бош майдони 1 мартдаги бомбардимондан сўнг.

Харьков бош майдони рус ҳарбийлари томонидан қанотли ракета билан бомбардимон қилингани оқибатида, тинч аҳоли орасида камида 10 киши ҳалок бўлди, 20 киши яраланди. Бу ҳақда Фавқулодда ҳолатлар хизмати маълум қилди.

Россия ҳарбийлари 1 март куни Харьков марказини, жумладан, бош майдонни бомбардимон қилганди. Президент Зеленский мазкур бомбардимон ортидан Россияни “террорчи давлат” деб эълон қилди.

Айни пайтда Харьков вилоятининг Россия томонидан босиб олинган Купянск шаҳри аҳолиси Украина байроқларини кўтариб олиб, рус ҳарбийларига қарши норозилик намойишига чиқди. Улар “Купянск-Украинаники”, деган шиорларни ҳайқирмоқда.

Рус ҳарбийлари Купянск аҳолисини шовқинли гранаталар билан тарқатишга ҳаракат қилган. Аҳоли чекинган, лекин намойишни тўхтатган эмас.