Хитой мудофаа вазири Ли Шанфу лавозимидан озод этилиб, Давлат кенгаши таркибидан чиқарилган. Бу ҳақда 24 октябрь куни Хитой нашрлари хабар қилди. Вазирни ишдан олиш қарорини Умумхитой халқ вакиллари йиғинининг доимий қўмитаси қабул қилган.
Истеъфо сабаблари очиқланмаган. Янги мудофаа вазири ким бўлиши ҳам айтилган эмас.
Ли Шанфу август ойи охиридан буён омма олдида кўриниш бермаган. Ундан аввалроқ у Россия ва Беларусга сафар қилган эди. Ғарб матбуоти ўз манбаларига таянган ҳолда, вазир мамлакат раҳбарияти кўзига ёмон кўриниб қолгани ва ишдан олингани ҳақида ёзишган. Хабарларга кўра, мулозим коррупция гумонланиб, унга қарши текширув ўтказилмоқда. Расмий Пекин бу маълумотни тасдиқламаган, рад этган ҳам эмас.
South China Morning Post қайдича, Ли ХХР ҳукуматининг шунга ўхшаш вазиятда ишдан бўшатилган иккинчи юқори лавозимли аъзосига айланган. Аввалроқ ташқи ишлар вазири Цинь Ган истеъфоси эълон қилинган эди. У ҳам аввалига оммага кўринмай қолган ва бир ой ўтгачгина, унинг истеъфоси расман тасдиқланган. Унинг ўрнини Хитой Коммунистик партияси арбоби бўлган Ван И эгаллаган. Сешанба куни Хитой оммавий ахборот воситалари Цинь Ган ҳам Ли Шанфу билан биргаликда Давлат кенгаши аъзоси мақомидан маҳрум бўлгани ҳақида хабар қилишган.
Асосий вазирларнинг истеъфоси Хитой ташқи ва мудофаа сиёсатида бирор-бир ўзгариш бўлиши далолатими ёки йўқлиги ҳозирча маълум эмас. Ҳозирда бутун ҳокимият жилови феълан ХХР раиси Си Цзиньпин қўлида жамланган.
Ли Шанфу АҚШнинг санкция рўйхатига киритилган эди, бу эса бу даражадаги хитойлик мулозим учун камдан-кам кўриладиган ҳолатдир.
“Женьминь жибао” газетаси 24 октябрь куни ХХР ташқи ишлар вазири Ван И пайшанба куни АҚШга сафар қилиши ҳақида ёзган.