Хитойда расмийларни танқид қилган миллиардер 18 йилга қамалди

Сунь Даву

Хитойда Коммунистлар партиясини танқид қилгани билан танилган миллиардер Сунь Даву “адоват қўзғагани” учун 18 йилга озодликдан маҳрум этилди, бундан ташқари, у 3 миллион юань жаримага ҳам тўлаши лозим. Бу ҳақда Гаобейдянь шаҳри халқ судининг “WeChat”да эълон қилган қарорига таянган ҳолда South China Morning Post хабар қилган.

Хабарга мувофиқ, Даву оломонни давлат муассасаларини ишғол қилишга ундаш, ноқонуний бизнес юритиш, ерларни ноқонуний эгаллаш ва бошқа қилмишларда айбдор, деб топилган.

67 ёшли Сунь Даву тақрибан 9 минг киши ишлайдиган қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбаридир. У ҳукуматни 2019 йилда 100 миллиондан зиёд чўчқанинг қирилиб кетишига сабаб бўлган Африка чўчқа гриппи эпидемиясининг ҳақиқий кўламини яширишга уринганликда айблаган кам сонли кишилардан бири саналади.

Reuters агентлигининг хабар қилишича, ўша танқидлардан сўнг тадбиркор давлат фермаси билан ерга оид даъво ишига тортилган. Миллиардерга кўра, совхоз ходимлари унинг ширкатига қарашли бинолардан бирини бузгани келганида полиция билан тўқнашув чиқиб, унинг ишчилари жабр кўришган.

Хитойлик ҳуқуқбонлар суд ҳукмини “Сунни инсон ҳуқуқларини дастаклагани учун жазолашга уриниш”, деб атаганлар. Фаоллар фикрича, Сунь бутун умрини қишлоқ аҳолисининг турмушини яхшилашга бағишлаган.

Сунь Хитойнинг нуфузли университетларида маърузалар ўқир ва меценатлик билан шуғулланарди. Айни фаолияти ҳам жиноят ишига боғланган: уни, жумладан, хайрия мақсадлари учун ўз ишчиларидан ноқонуний пул йиғиб олишда ҳам айблашган. Сунь айбловни тан олмаган.

Сунга нисбатан қамоқ жазоси танқидий кайфиятдаги тадбиркорларга қарши қатағонлар кучайиши манзарасида тайинланди, деб ёзган CNN. Телеканал Компартиянинг ўтган йили эълон қилинган раҳбарий қоидаларида хусусий секторга “партия белгилаб берган йўлдан оғишмай юрадиган сиёсий оқил одамлар” зарурлиги таъкидланганини эслатган.

Ўшанда Компартия етакчиси Си Цзиньпиннинг коронавируснинг олдини олиш стратегиясини кескин танқид қилган миллиардер Жэнь Чжицян коррупция жиноятларида айбланиб, 18 йилга қамалган эди. У ўз чиқишларидан бирида давлат раҳбарини “ҳокимиятга ташна масхарабоз”, деб атаган.