Қозоғистонда илк бор “хорижий агентлар” рўйхати тузилди

Остонадаги "Вазирликлар уйи".

Қозоғистон Молия вазирлиги расмий сайтида “хорижий агентлар” реестри эълон қилинди. Рўйхатга 240 нафар жисмоний ва юридик шахс, жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва хорижий ширкатлар ваколатхоналари киритилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон бюроси, Erkindik Qanaty жамғармаси, Қозоғистон ёшлар ахборот хизмати, Masa.Media нашри, MediaNet халқаро журналистика маркази, Халқаро ҳуқуқий ташаббус, "Ор.Рух.Хақ" инсон ҳуқуқлари жамғармаси, “Одил сўз” жамғармаси, “Яшил нажот” экология жамияти, Қозоғистон Касаба уюшмалари федерацияси “хорижий агентлар” рўйхатининг юридик шахслар қисмидан ўрин олди.

Шунингдек, “хорижий агент” сифатида журналист Айнур Коскина, парламент депутатлигига собиқ номзод Динара Эгеубаева ҳамда “За нами уже виехали” Youtube канали муаллиф" Дмитрий Дубовитскийлар қайд этилган.

Озодлик радиоси қозоқ хизмати Молия вазирлиги “хорижий агентларнинг” исмидан ташқари, шахсий идентификация рақамлари ҳам ошкор қилинганига эътибор қаратди.

Бундан ташқари, хорижий компания ва жамғармаларнинг ваколатхоналари ҳам “хорижий агентлар” реестрига киритилган. Улар орасида Газпромбанк, Reuters ахборот агентлиги, Киев витамин заводи ва Голландиянинг Марказий Осиёда силга қарши кураш марказининг ваколатхонаси ҳам бор.

2022 йилда Қозоғистон Солиқ кодексига чет элдан маблағ оладиган шахслар реестрини шакллантиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилган эди.