“Яблоко” партияси Россия-Украина урушига қарши имзо йиғишни бошлаганини эълон қилди

“Яблоко” федерал сиёсий қўмитаси раиси Григорий Явлинский

“Яблоко” партияси Россиянинг Украина билан урушига қарши имзо йиғишни бошлаганини маълум қилди. Петиция матни партия сайтида эълон қилинган. “Имзо ва изоҳлар “Россия раҳбарияти”га етказилади”, дейилган хабарномада.

Мурожаат остига “Яблоко” федерал сиёсий қўмитаси раиси Григорий Явлинский, партия раиси Николай Рибаков, федерал сиёсий қўмита аъзолари, жумладан Борис Вишневский, Лев Шлосберг, Эмилия Слабунова ҳамда Москва Хельсинки гуруҳи раисдоши Валерий Боршёвлар имзо чекишган.

“Путин бошлаётган Украинага қарши уруш одамларга кулфат келтиради, оилаларни пароканда қилади, минглаб инсоннинг ёстиғини қуритади. Бу урушда ғолиб чиқиш имконсиз. Қандай натижа билан тугамасин, у Россия учун ҳалокатлидир. Бунинг олдини олиш учун ҳар биримиз жавобгармиз”, дейилган партия хабарномасида.

Имзолар нафақат интернетда, балки партия офисларида ҳам йиғилмоқда. Карантин чекловлари юмшатилган ҳудудларда “Яблоко” норозилик акциялари ўтказмоқчи.

Январь ойи охирларида Россия зиёлилари кенгаши ҳам урушга қарши петиция эълон қилган эди. “Тинчлик тарафдорларининг Россия раҳбариятидаги Уруш партиясига қарши баёноти” деб номланган ҳужжат остига беш мингдан зиёд киши имзо чеккан.

Ғарб разведка хизматлари Россиянинг Украина ҳудудига кенг кўламда бостириб киришга ҳозирлик кўраётганини гумон қилмоқда. Ўтган ҳафтада АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия Пекинда бўлаётган қишки Олимпиада чоғида, яъни 20 февралга қадар Украинага тажовуз қилишга тайёрланаётганини айтган. 30 дан ортиқ мамлакат ўз фуқароларини Украинадан чиқиб кетишга чақирган.

Москва айбловларни рад этиб, уларни провокация деб атамоқда. Украина шарқидаги Россия дастаклаётган айирмачилар аслида Киев ҳужум қилишга шайланаётганини иддао қилишяпти, Украина томони эса буни рад этаётир.