ЕИ билан муносабатлар ёмонлашиши манзарасида Франция элчиси Беларусдан бадарға қилинди

Франциянинг Беларусдаги элчиси Николя де Лакост

Авторитар лидер Александр Лукашенконинг бошқарув сиёсати туфайли Европа Иттифоқи билан муносабатлар ёмонлашгани манзарасида Минск расмийлари Франция элчиси Николя де Лакостни Беларусдан бадарға қилишди.

Ўтган йили лавозимга киришган элчи 17 октябрь куни ТИВ талабига кўра Беларусь ҳудудини тарк этишга мажбур бўлди. Бу маълумотни Озодликнинг беларус хизматига Франциянинг Беларусдаги элчихонаси вакиллари тасдиқлаганлар.

Де Лакост 2020 йил августида ўтган президент сайлови ортидан Беларусда бошланган тинч намойишлар бостирилганидан кейин Лукашенко билан мулоқотдан қочиб юрган.

Сўнгги 14 ой ичида Беларусь полицияси минглаб одамни қамаган, юзлаб одам Лукашенко сиёсатидан норози бўлгани туфайли қийноққа тутилган, бу эса Европа Иттифоқи томонидан Минскка нисбатан кескин санкциялар жорий этилишига сабаб бўлганди.

Франция элчихонаси маълумотига кўра, 18 октябрь куни элчининг беларус халқига видо мурожаати эълон қилинади.