ЕИ Россияни Boeing ҳалокати учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга чақирди

Европа Иттифоқи ва Украина байроқлари

Европа Иттифоқи Россияни 2014 йил ёзида Донбасс осмонида Малайзия авиаширкатига оид Boeing ҳалокатга учрагани учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга чақирди. Бу ҳақда Украина – ЕИ саммити иштирокчиларининг қўшма баёнотида айтилган. Саммит 12 октябрь куни Киевда бўлиб ўтди.

Евроиттифоққа аъзо мамлакатлар етакчилари ҳамда расмий Киев Москвани лайнер ҳалокатида айбдорларни жавобгарликка тортишда бор кучини сарфлашга ҳам чақиришган.

Бундан ташқари, саммит иштирокчилари Россиянинг Украина шарқидаги хатти-ҳаракатларини қоралаб, Минск битими шартларини бажариш муҳимлигини урғулашган.

Донбассда қуролли можаро етти йилдан ортиқ вақтдан буён давом этмоқда. Донецк ва Луганск вилоятларининг бир қисмини айирмачилар эгаллаб олган. Украина ва Ғарб мамлакатлари Россияни уларни ҳарбий жиҳатдан бевосита дастаклаб келаётганликда айблайди. Москва эса буни қатъиян рад этиб келади.

Ўтган йилнинг ёзидан можаро ҳудудида расман оташкесим тартиби эълон қилинган, бироқ отишмалар давом этмоқда. Оташкесим режими мобайнида Украина 45 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини билдирган. Шунингдек, тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар бор.

“Малайзия ҳаво йўллари” ширкатининг МН-17 рейси билан Амстердамдан Куала-Лумпурга учган Boeing учоғи Донбасс вилоятида 2014 йил 17 июль куни ҳалокатга йўлиққан эди. Ҳодиса чоғида Бортдаги 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган.

МН17 рейси ҳалокатини ўрганган халқаро тергов гуруҳи маълумотига кўра, учоқ россияпараст айирмачилар назоратидаги ҳудуддан йўлланган ракета ёрдамида уриб туширилган. 2018 йил майда гуруҳ бу ракета Россиянинг 53-зенит-ракета бригадасига тегишли “Бук” қурилмасидан учирилганини тасдиқловчи маълумотларни тақдим этган. Москва эса мазкур ҳалокатга алоқадорлигини қатъиян рад этмоқда.

2019 йилнинг баҳорида халқаро тергов гуруҳи рейс ҳалокатига алоқадор тўрт айбдорнинг исмини расман эълон қилди, улардан уч нафари Россия фуқароларидир.

Суд жараёни 2020 йил 9 март куни бошланган. Айбланувчилардан ҳеч бири жараёнда иштирок этмаяпти. Россия айбланувчиларни экстрадиция қилишдан бош тортган.