ЕИнинг қатор етакчи давлатлари AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатди

Германия, Франция, Италия ва Испания коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатган. Euronews телеканали хабарига кўра, бу қарор эмланган кишиларда тромбоэмболия ривожланаётганига оид хабарлар тарқалиши қабатида олинган.

Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан мазкур қарорнинг шунчаки олдини олиш чораси эканини урғулаган.

AstraZeneca кўплаб мамлакатларда миллионлаб одамга эмланмоқда. Биз бу қарор оқибатларини жуда яхши тушунамиз. Вакцинага бўлган ишончни сақлаб қолиш учун биз Германия ва Европа Иттифоқидаги экспертларимизга яқинда содир бўлган нохуш ҳолатларни таҳлил қилиш учун вақт беришимиз лозим”, деган Йенс Шпан.

Озодлик ўтган ҳафта Дания, Ирландия, Норвегия, Исландия ва унинг ортидан Ҳолландия ва Болгария AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатишга қарор қилгани ҳақида хабар қилган. Айни пайтда Ҳолландия Дори-дармон воситалари бошқармаси беморларда салбий ҳолатлар юзага чиқишига айнан вакцина эмлангани сабаб бўлганига оид далил йўқлигини, буларнинг ҳаммасини текширувдан ўтказиш учун вақт керак бўлишини қайд этган.

Ўтган жума куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти AstraZeneca вакцинаси қатор беморларда тромблар пайдо бўлишига сабаб бўлганига ҳали исбот топилмагани учун мамлакатлар раҳбарларига мазкур препаратдан воз кечмасликни тавсия қилганди.