Еврокомиссия Украина ва Молдованинг ЕИга киришига оид музокараларни бошлашни тавсия қилди

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен

Еврокомиссия Европа Иттифоқи кенгашига Украина ва Молдова билан ЕИга кириш бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилган. Грузияга ЕИга аъзоликка номзод мамлакат мақомини бериш тавсия этилган. Бу ҳақда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Х тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Мулозимага кўра, учала давлат ҳам ислоҳот учун зарур қадамлар бўйича етарлича илгарилаган.

Урсула фон дер Ляйен хабарида Киев уруш олиб бораётганига қарамай, теран ислоҳотлар ўтказишга муваффақ бўлаётгани айтилган. Кишинёв эса мамлакатда “демократияга қарши доимий беқарорлаштириш уринишлари”га қарамасдан, ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Еврокомиссия раиси Украина ЕИ томонидан олға сурилган тавсияларнинг 90 фоиздан кўпроғини бажарганини билдирган. Бироқ Еврокомиссия томонидан ёйинланган ҳисоботда Украина яна қатор ўзгаришларни амалга ошириши лозимлиги айтилган.

Грузия бўйича Еврокомиссия мамлакат фуқароларининг Европа ҳамжамиятига интеграция бўлиш интилишларини қадрлаши, бироқ бу интилиш мамлакат расмийларининг конкрет қарорларида акс этиши кераклиги қайд этилган.

ЕИ раҳбарияти Тбилисидаги ҳукумат олигархлашувга чек қўйиш ва аксилкоррупция бюроси очиш каби айрим муваффақиятларга эришганини тан олган. Грузия президенти Саломе Зурабишвили Еврокомиссия қарорини “тарихий воқеа” деб атаган.

Европа Иттифоқи кенгаши Еврокомиссиянинг таклифларини декабрь ойи ўртасида бўлиб ўтадиган ЕИ давлат ва ҳукумат раҳбарлари йиғилишида кўриб чиқади.