Европа иттифоқи ўз ичидаги 27 мамлакат бўйлаб саёҳат қилишга рухсат берди

Европа иттифоқи давлатларида яшовчилар карантин ва бошқа чекловлардан хавотир олмай, 27 мамлакатда ёз таътилини ўтказишлари мумкин. Бунинг учун ЕИ ичида COVID-сертификатлар жорий этилади.

Европалик депутатлар бунга оид қарорни Европарламентнинг 20 майдаги сессиясида қабул қилдилар. Қарорга мувофиқ, ЕИга кирувчи 27 мамлакат фуқароларига рақамли рухсатнома берилади, ҳужжатда унинг эмланган-эмланмаганига оид маълумот, COVID-19 тести натижалари ёки коронавирус инфекциясидан даволанганлигига оид маълумот акс этади.

Аввалроқ Европа Иттифоқи ўз ичидаги мамлакатлар фуқароларига ёзги туристик мавсумда саёҳат қилишни осонлаштириш учун шу йил июнь ойида COVID-сертификатлар жорий этишга умид қилаётгани хабар қилинган эди.

Бу каби сертификатни жорий қилиш таклифи иқтисодиёти туризм соҳаси билан чамбарчас боғлиқ мамлакатлар томонидан олға сурилган.

ЕИ расмийлари ҳеч кимни сертификат олишга мажбурлаш ниятида эмасликларини билдирганлар. У эмлов паспорти ёки бошқа дискриминацион ҳужжат ўлароқ кўрилиши мумкин эмаслиги урғуланмоқда.

Эмлов кампанияси кўлами кенгайиб бориши ва COVID-19 га чалиниш суръати пасайиб бораётган баробарида ЕИдаги кўп мамлакат маҳаллий иқтисодиётни жонлантириш умидида ёзги туристик мавсум арафасида чекловларни юмшата бошламоқда.