Европа Иттифоқи Украина ва Молдова билан музокаралар бошлашга қарор қилди

Европа кенгаши раиси Шарль Мишель

Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель ЕИ саммити ҳамжамиятга кириш бўйича Украина ва Молдова билан музокаралар бошлашга қарор қилганини эълон қилди.

Европа Иттифоқи саммитнинг илк куни якунларига кўра Грузияга номзод мамлакат мақомини берди ҳамда Босния ва Герцеговина томонидан ЕИ олға сурган шартлар бажарилганидан кейин бу мамлакат билан музокара бошлашга тайёрлигини билдирди.

Украинанинг ЕИга кириш бўйича аризаси 2022 йилнинг 28 февралида топширилган. Унга ЕИга номзод мақоми ўтган йилнинг 23 июнида берилган.

Украина президенти Владимир Зеленский ўз мамлакатига ЕИга киришга номзод мамлакат мақоми беришга оид қарорни ғалаба деб баҳолаб, бу кунни украиналиклар 30 йил кутганини қайд этган.

«Бу Украина билан Европа Иттифоқи муносабатларидаги уникал ва тарихий пайтдир. Украинанинг келажаги Европа Иттифоқида», дея урғулаган Зеленский.

ЕИ лидерларининг қарори Европа комиссияси ортга сурмай Украина билан аъзолик тўғрисидаги музокараларнинг техник жиҳатларини ҳозирлай бошлашини англатади, деб ёзган «Украинская правда» нашри. Украина Еврокомиссиянинг аввалги талабларининг барчасини бажарди дея эътироф этилган тақдирда, у 2024 йил баҳорида бўлиб ўтадиган ЕИнинг кейинги саммитида тасдиқланиши мумкин.

Зеленский 14 декабрь куни Европа лидерлари олдида чиқиш қилиб, овоз бериш натижалари ижобий бўлмаган тақдирда, украиналикларнинг Европа орзусига «хиёнат қилинган» бўлишини, бу эса Россияни Украинага қарши тажовузда янада жасоратлантиришини билдирган.

ЕИга аъзо мамлакатлар лидерлари ичида фақат Венгрия бош вазири Виктор Орбан Украинанинг ЕИга кириш бўйича музокараларига яшил чироқ ёқилишига қарши чиққан. «Бирор-бир масала муҳокамаси учун сабаб йўқ, чунки дастлабки шартлар бажарилган эмас», деган Орбан. Кейинроқ унинг Украина масаласи бўйича овоз беришдан тийилгани маълум бўлган.

Украина ва Молдова президентлари Владимир Зеленский ва Майя Санду Европа кенгаши қарорини олқишлашган.

Саммит қарорига мувофиқ, Грузияга ҳам ЕИга аъзоликка номзод мамлакат мақоми берилган.