Европа суди Москвада қулликда сақланган ўзбекистонлик ва қозоғистонликлар шикоятини кўриб чиқади

Ўзбекистонлик Тумар Қасимова Москвадаги “Озиқ-овқат” дўконида қулликда сақланган қизи Боқияни қучоқламоқда. Анна Артемьева (“Новая газета” нашри) фотоси

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) Москвадаги озиқ-овқат дўкони эгалари қўлида қулликда бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларининг шикоятларини кўриб чиқади. Бу ҳақда Европа суди сайтида маълум қилинган.

ИҲЕС беш жабрланувчидан тушган иккита шикоятни бирлаштирган. Биринчиси 2016 йилда Ўзбекистон фуқаролари бўлмиш Гулжанор Назанова ҳамда Боқия Қосимова, шунингдек қозоғистонлик Фотима ва Алия Мусабоевалар номидан йўлланган. Иккинчи шикоят эса 2018 йилда Қозоғистон фуқароси Насибали Ибрагимовадан тушган.

Судда аёлларни Россиядаги “Фуқаровий кўмак” қўмитаси билан ҳамкорлик қилувчи “Мемориал” ҳуқуқбонлик ташкилоти юристлари тамсил этишмоқда.

“Европа суди жавобгар – Россияга Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг бузилганлигига доир саволларини жўнатади. Жавобгар суд ишини тугатиш учун ариза берувчилар билан келишув битими имзолаши мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам ишни кўриш фаол паллага кирмоқда”, дея изоҳ берган юрист Иван Новиков.

Мигрант аёллар Москванинг Гольяново туманидаги учта озиқ-овқат дўконида қулликда сақланган. Бу дўконлар эр-хотин ва уларнинг аёл қариндошига тегишли бўлган.

“Фуқаровий кўмак” қўмитасига кўра, дўкондорлар аёлларнинг ҳужжатларини тортиб олиб, уларни Россияда меҳнат мигранти сифатида қайд эттиришдан бош тортишган. Шу билан бирга, уларга ҳеч қачон ҳақ тўлашмаган, дўконлардан ташқарига чиқишга рухсат этишмаган, мигрантлар ертўлада ухлашга мажбур бўлганлар.

“Дўконларнинг эгалари ва хизматчилари ҳуқуқ-тартибот идораларига топшириш билан қўрқитиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларини ҳақ олмасдан ишлашга мажбур этишган, уларни жинсий зўрлашган, калтаклашган ва таҳқирлашган”, деб ёзган “Фуқаровий кўмак” қўмитаси.

Қўмитанинг урғулашича, полиция ва терговчилар жабрланувчиларнинг дўкон эгаларига қарши жиноят иши очишга оид аризаларини рад этган.