Москва вилоятида собиқ СССРда 1980 йилларнинг охирларида машҳур бўлган “Ласковий май” гуруҳи солисти Юрий Шатунов 48 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ахборот агентликларига Шатуновнинг расмий вакили маълум қилди.
Расман билдирилишича, Юрий Шатунов ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган. Айрим хабарларда у Домодедово касалхонасида, бошқа хабарларда эса “Тез ёрдам” машинасида вафот этгани айтилади.
Юрий Шатунов Оренбургдаги болалар уйида тарбияланган. 13 ёшида Сергей Кузнецов асос солган “Ласковий май” поп гуруҳи солисти сифатида танила бошланган. 1988 йилда гуруҳ ўзининг илк альбомини чиқарган.
1988 йилдан бошлаб Шатунов Андрей Разин продюсерлик қилган “Ласковий май” гуруҳи солисти сифатида собиқ Совет Иттифоқида улкан машҳурликка эришди. У ижро этган “Оқ атиргуллар” (“Белие рози”) ва “Оқсоч тун” (“Седая ночь”) каби ўнлаб қўшиқлар хитга айланган.
Юрий Шатунов 1991 йилда гуруҳни тарк этган ва Германияга кўчиб кетган. Бир неча йилдан сўнг Шатунов Россияга қайтди ва қўшиқчилик фаолиятини давом эттирди. Бироқ у кейинги фаолияти давомида 1980 йиллардаги машҳурликка эриша олмади.