Куни кеча Yandex Uzbekistan расман Allplay сервисини сотиб олди. Бу Ўзбекистон медиабозоридаги биринчи йирик битимлардан экани айтилмоқда.
Маълум бўлишича, битим расмий тартиблардан ўтиб, Рақобат қўмитаси томонидан тасдиқланган. Қўмита хабарида бу жараён “медиабозорнинг шаффофлашувига, қонуний механизмларнинг мустаҳкамланиши ва халқаро йирик компанияларнинг Ўзбекистон бозорига ишончи ошишига хизмат қилиши"ни таъкидланади.
Бироқ,Yandex Search, Yandex Go ва Yandex Eats каби платформалар юқори бозор улушини эгаллагани медиабозорнинг диверсификацияси ва IT-хавфсизлиги учун жиддий саволлар уйғотмоқда.
Хўш, Кремл назоратидаги Яндекснинг Ўзбекистон бозорида қатор йўналишларни эгаллаб олиши нормал рақобатми ёки миллий хавфсизлик учун хатарми?
Яндекс Ўзбекистондаги қидирув бозорининг 20–22 фоизини эгаллаган.
Ундан каттароқ улуш фақат Google да - 78–80%. 2025 йил иккинчи чорагидаги Yandex медиа истеъмоли ҳисоботига кўра, интернет Ўзбекистондаги ахборот ва кўнгилочар контент учун асосий канал бўлиб, Яндекснинг узбек тилидаги нейрон тармоқлари билан ишлаётган қидирув тизими 9 миллион фойдаланувчини жалб қилган.
Yandex Go Ўзбекистон такси агрегацияси бозорининг 70–80 қоизини назорат қилади: 2024 йил декабрда Рақобатни ривожлантириш қўмитаси унинг монополиясини расман тан олган.
Олдинроқ Yandex Uzbekistan компанияси Express24 етказиб бериш хизмати активларининг бир қисмини сотиб олган эди. Компаниялар Ўзбекистонда озиқ-овқат етказиб бериш хизматлари учун ягона технологик платформа яратишга келишиб олган. Yandex Eats ва Express24 озиқ-овқат етказиб бериш бозорининг 60–70 фоизини эгаллайди. 2025 йил апрелда Yandex Market Ўзбекистонда ишга туширилди, бу билан электрон тижорат бозорида уларнинг улуши 20–30%га етиши кутилмоқда.
Иқтисодчи Отабек Бакиров Yandex Uzbekistan ва Express24 ўртасидаги битимни антимонополия қонунларига риоя этилган-этилмаганини текширишга чақирган.
Таҳлилчи Ўзбекистон бозорининг бу сегментида учинчи йирик ўйинчи пайдо бўлмагунча, бундай битимларга рухсат берилмаслиги керак, деган фикрда.
Инфофеодализм, экспансия?
Яндекс 2025 йилда ўз экспансиясини фаол давом эттириб, Ўзбекистондаги рақамли хизматлар бозорининг 25–35 фоизини эгаллади. Бу компания ўзбек тилидаги сунъий ақл - AI тизимлари ва Yandex Factory маҳсулотлари орқали ҳам кучайди.
Хуллас, бугунда Yandex Go Ўзбекистоннинг энг йирик иш берувчисига айланди.
“Yandex Go Ўзбекистондаги ҳайдовчилар, курьерлар ва ҳамкор автопаркларининг даромадлари 2024 йилда тахминан 530 миллион долларни ташкил этди, 2025 йилнинг биринчи ярмида эса 340 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бир ярим баробар кўпайди,” деб айтган Yandex Uzbekistan раҳбариИззат Шукуров.
Бу рақамга Такси, Доставка, Еда ва Лавка хизматларининг ҳайдовчилари, курьерлари ва ҳамкорлари даромадлари киради. Хизматда 179 минг ҳайдовчи ва 49 минг курьер ишлаётгани қайд этилган.
Сўнгги пайтларда Яндекснинг “ўзбекистонликларга теккан фойдаси” тўғрисида бот-бот ёзиб қолган ўзбек матбуотига мурожаат қилган иқтисодчи Отабек Бакиров Телеграм каналида раҳматни энг аввало компанияни бойитаётган оддий ўзбекистонликларга айтиш керак, дея таъкидлади:
“Шундай экан, раҳмат айтиш керак бўлса, ўзбекистонликларга раҳмат. Yandex эса ўзбекистонликларга юзлаб миллион доллар ишлаб топаётгани учун қуллуқ қилиши керак. Ва албатта, 5 йил тўламаган солиғини ўзбекистонликларга узр сўраб, қайтариши ҳам керак (устамаси билан).”
Мутахассисларга кўра, Яндекснинг монопол мавқеи иқтисодий, медиа ва IT-хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Уларнинг огоҳлантиришича, Яндекс нархларни ошириши ва рақобатни бостириши мумкин.
Иқтисодчи Жамшид Муслимов Яндекснинг Ўзбекистон бозоридаги амалиётларини "янги инфофеодализм " деб атади:
- Бу катта треднинг бир қисми. Бундай гигант платформаларнинг бозорга кириб келиши эмас, балки бозор иқтисодиётини четга суриб, ўзлари билан бозорни алмаштириб қўядиган янгича феодализмга ўхшаган тизимни олиб кириш глобал тренднинг бир қисми. Бу нарса Uber билан ҳам кузатилган: гўёки улар кўп одамларни иш билан таъминлаётгандек. Яндекс бу иш жойларини яратаётган бўлса, у бошқа Ўзбекистондаги иш берувчиларга ўхшаб ижтимоий мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олганми? Улар фақат фойдаланиш учун платформа яратаётган бўлса, “у иш ўринларини яратяпти” дейилмайди, у жамлаяпти холос. У агрегатор сифатида бозорга киради, демпинг қилиб нархларни туширади, истеъмолчиларни ва фойдаланувчиларни боғлаб қўяди ўзига. Шу тариқа улар маълумот тўплайди, шунчаки паспорт маълумоти ёки телефон рақами эмас, балки нима оляпти, соат неччида туряпти, қаерга боряпти… Нима учун бу тизим янги феодал деб номланяпти, чунки у истаган ўйин қоидаларини белгилаб беради. “Мен бу Яндексда ишламайман?” деган таксичи қаерга боради?! Истеъмолчи қандай бойкот қилади ва кимни таксисига минади? Алтернатива йўқ-ку!
Яндекснинг Ўзбекистон бозорини агрессив тарзда эгаллашга интилиши қарши ҳаракатлар ва норозиликларни келтириб чиқарди.
Рақобат қўмитасининг 2024 йил декабрдаги хулосасига кўра, Yandex Go нинг таксидаги комиссияси 20 фоизини ташкил этади, бу ҳайдовчилар даромадларини 10–15% га камайтиради ва истеъмолчилар учун нархларни оширади.
2025 йил июнда Uzum Market шикояти бўйича Яндексга қарши тергов бошланди, унга кўра, реклама кампаниялари рақибларнинг обрўсига путур етказган ва бозорни бостирган. Бу Ўзбекистон қонунчилигига биноан рақобат қонунларини бузиш сифатида баҳоланади.
Яндекс медиа ва қидирувда устунликка эга бўлса, маълумотлар тарқатишни назорат қилади. 2025 йилда ўзбек тилидаги AI қидирув тизими 9 миллион фойдаланувчини жалб қилгани медиабозорнинг 20–25 фоизни эгаллашини кўрсатади. Буэса маълумотларнинг бир манбага боғланиши ва маҳаллий медиаларнинг мажбурий тарқатилиши хавфини туғдиради. АҚШдаги Freedom House ташкилоти ўзининг 2024 йилги ҳисоботида Ўзбекистон медиа бозоридаги монополия цензурани кучайтираётганига эътибор қаратган.
IT-мутахассисларга кўра, Яндекснинг монопол мавқеи маълумотлар хавфсизлигини хавф остига қўяди.
Интернет Ҳимояси Жамияти ижрочи директори Михаил Климарёв Озодлик билан суҳбатда миллий хавфсизлик масаласида Яндексга қатор саволлар борлигини айтди.
- Қачонлардир Яндекс илғор технологияларни жорий қилган Россиянинг технологик етакчиси эди. Дунёда саноқли давлатларда хусусий қидирув системалари мавжуд. Яндекс шулардан бири. Яндексда ҳали ҳам жуда яхши мутахассислар ишлайди. Бошқа томондан, Россияда жойлашган бу компания рус медиамаконини тўлиқ назоратга олган ҳукумат қўли остида! VK, Mail.ru, Одноклассники тўлиқ ҳукуматга ўтган, ҳатто президент маъмуриятидан бошқарилади. Яндекс тижорий компания эканига қарамасдан, унинг маълумотлар базасига рус махфий хизматлари кира олиши мумкин. Шу ерда Яндекс Ўзбекистонда қандай ишлаяпти, қайси маълумотларни йиғяпти, деган савол юзага келиши табиий - улар йиққан маълумотлар рус ҳукумати қўлида бўлиши аниқ! Масалан, 2014 йилдан кейин айнан хавфсизлик нуқтаи назаридан Яндексни Украинадан сиқиб чиқаришди. Бошқа томондан, бирорта ўзбек корпорацияси ўз Яндексини ярата олишга қодирми?! Маблағлар, йирик мутахассислар - уларда. Авторитар ҳукуматлар қўл остида технологиялар тараққий этмайди, биласизми? Бугунги Россияда ҳам Яндекс пайдо бўла олмасди.
Шунга қарамасдан, Яндекснинг технологик тараққиётга қўшаётган ҳиссаси ва бозорни эгаллаб олиши бошқа мамлакатларда ҳам кузатилмоқда, дейди суҳбатдош.
“Энг муҳими солиқларни вақтида тўлаши ва шаффофлик”, дейди IT-хавфсизлик бўйича мутахассис Михаил Климарёв.
Россияда Яндекс ҳукумат сўровларининг 80 фоизи бажаришини яширмайди(Ranking Digital Rights). Мутахассисларга кўра, Ўзбекистонда Яндекс фойдаланувчилар маълумотларини жамғарса, бу Россия ФСБ си орқали маълумотларнинг хавфсизлигини таҳдид остига қўяди. 2024 йилда Яндекс нархларни ошириш ва рақибларни бостиришда айбланган, бу IT-хавфсизлигининг миллий суверенитетга таҳдиди сифатида баҳоланади.
Мавзуга алоқадор Яширин таҳдид: DanaBot вируси орқали Россия қандай қилиб маълумот ўғирлаш ва жосусликка қўл урадиFreedom Houseнинг 2024 йилги «Freedom on the Net» ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда интернет эркинлигининг аҳволи ёмон ва у 32/100 балл билан баҳоланган, Яндекс монополияси эса бу кўрсаткични янада пасайтириши аниқ.
Нормал рақобатми ёки хавф?
Рақобат қўмитаси санкциялар остида қолаётган Россия компаниясининг Ўзбекистонда бу даражада кенгайиши ва етарли назоратсиз фаолияти нормал рақобат эмаслиги – монополия бозорни бостириши ва истеъмолчилар учун нархларни оширишига хизмат қилишидан огоҳлантирмоқда.
Экспертларга кўра, бу ҳолат IT-хавфсизлиги учун ҳам жиддий таҳдид туғдиради: маълумотларнинг Россия серверларида сақланиши ва Ўзбекистон ҳукуматининг тўлиқ назоратида эмаслигининг ўзи ахборот мустақиллигининг йўқлиги демакдир.
Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча фақат тергов ва жарималар билан чекланмоқда.
- Бу Марказий Осиёга экспансия экани аниқ. Улар буни Африкага ҳам ёйишмоқда. Улар айрим Европа давлатларида ҳам шундай хизматларни қўлга олишга интилгани маълум. Аммо бошланган уруш бу режаларини пучга чиқарди. Яндекснинг айрим менеджерлари АҚШ санкциялари остида.
Уларда йирик маблағлари ҳам борки, ривожланаётган давлатларда улар осонлик билан бозорларни эгаллаши мумкин. Яндекснинг ўзбек бозорини эгаллаши жуда қизиқ тренд ва у алоҳида тадқиқот талаб қилади.
Маълумотлар базасини мамлакат ичкарисида сақлаш бўйича қонунлар кўп давлатларда қабул қилинган. Мен бу қонунларни фойдали деб ҳисобламайман: пул сарфлашдан бошқа нарса эмас. Хўш, бу маълумотларни сақлаяпти серверларда, дейлик. Аммо бу маълумотлар таҳлили ва натижаларини дунёнинг истаган қисмида Интернет орқали олиш мумкин-ку! Бу Россиядан кўчирма. Авторитар давлатлар жуда яхши кўришади бундай қоидаларни жорий қилишни. Россиядан Ўзбекистонга бугун нафақат технологиялар ва маданий бирликлар, балки ҳуқуқий нормалар ва қонунлар ҳам кўчиртирилмоқда. Ўзбекистон миллий хавфсизлигини чекловлар билан эмас, солиқ тизими ва технологик назорат билан кучайтириши лозим, - дейди Интернет Ҳимояси Жамияти ижрочи директори Михаил Климарёв.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
ДХХ киберхавфсизликни таъминлай оляптими?
Мутахассислар соҳада тартиб ўрнатилиши учун барчага маълум иқтисодиёт қоидалар - рақобатни кучайтириш, бозорда янги ўйинчиларнинг пайдо бўлишига йўл очиш ва маълумотлар ҳимоясини замонавий талабларга мос равишда жорий этиш зарурлигига эътибор қаратишмоқда.