Зеленский: “Ҳозир сайлов ўтказадиган вақт эмас”

Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский 6 ноябрь оқшомидаги кундалик мурожаатида “ҳозир сайлов ўтказадиган вақт эмас”лигини билдирди. Унга кўра, айни пайтда бу масалани муҳокама қилишнинг ўзи “масъулиятсизлик” ва “енгилтаклик” бўлар эди.

“Ҳаммамиз ҳозир кўплаб хавфлар бўлган уруш вақти эканини ва сайлов мавзусини жамиятга ташлаш мутлақо масъулиятсизлик эканини тушунамиз”, деди Зеленский. Унинг фикрича, мамлакат бирдамлик билан ишлаши лозим. “Давлатда Украинага қарши четдан ўйин қилиш ва зиддият чиқариш учун майдон қолмаслиги учун нуқта қўйишга ва жамиятнинг барча зарур жавобларни беришга қодир тузилмалар мавжуд”, дея билдирди у.

Украина Қуролли кучларининг муваффақиятсиз контрҳужуми ҳамда қатор собиқ сафдошлари ва ҳарбийларнинг Зеленскийдан норозилиги кучайиб бораётгани манзарасида 2024 йилда президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтиши мумкинлиги мавзуси сўнгги пайтларда Украина ва Ғарб матбуотида фаол муҳокама қилинмоқда.

Ўзининг сайловолди кампанияси бошлангани ҳақида, жумладан, Украина президенти офисининг собиқ маслаҳатчиси Алексей Арестович маълум қилган. “Президент сайловини кўчиришга ҳар қандай уриниш Украина жамиятида ёки унинг қай бир қисмида ҳокимиятни узурпация қилиниши ўлароқ ҳисобланади”, дея билдирган аввалроқ Зеленскийни “диктатор” деб атаган Арестович.

Украина президентининг ваколатлари 2024 йилнинг май ойида тугайди. Зеленскийнинг ўзи ўтган ҳафтада, уруш ҳаракатлари давом этаётганига қарамай, сайлов ўтказиш воқеалар ривожининг эҳтимолий варианти эканини айтган эди.