Афғонистон ва Покистонда шиддатли зилзила оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди

Покистонда зилзиладан камида 9 киши ҳалок бўлди.

Афғонистон ва Покистонда 21 март куни юз берган шиддатли зилзила оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди. Расмийлар ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини, қутқарувчилар иш олиб бораётганини билдирди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

6,5 балл кучланишдаги зилзила эпицентри Афғонистоннинг Ҳиндкуш минтақасидаги Журум шаҳридан 40 километр узоқликда, 187,6 километр чуқурликда бўлган.

Толибон ҳукумати расмий вакили Билол Каримий Афғонистонда зилзила оқибатида камида 4 киши ўлганини ва 70 киши жароҳатланганини маълум қилди.

Покистоннинг Хайбар-Пахтунхва вилоятида зилзиладан камида 9 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди, 40 киши яраланди.

Аввалроқ зилзила таъсири Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон ва Хитой ҳудудларида ҳам сезилгани айтилган эди.

Ўзбекистонда зилзила кучи 4-6 баллга тенг бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зилзила оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини ва вайронагарчиликлар бўлмаганини маълум қилди.