Арманистон Қуролли кучлари бош вазир Пашиняннинг истеъфо беришини талаб қилди

Арманистон бош вазири Пашинян ўз тарафдорлари билан бирга. Ереван, 25 февраль, 2021 йил.

Арманистон бош вазири Пашинян ўз тарафдорлари билан бирга. Ереван, 25 февраль, 2021 йил.

Арманистон Қуролли кучлари бош вазир Никол Пашинян ва у бошқараётган ҳукумат истеъфосини талаб қилди.

Қуролли кучлар Бош штабининг 25 февралда тарқатган баёнотида айтилишича: “Арманистон Республикасининг бош вазири ва ҳукумати арман халқи учун оғир дамда адекват қарор қабул қила олмаган”.

Бундан ташқари Қуролли кучлар Бош штаб раҳбарининг биринчи ўринбсоари ишдан бўшатилганига норозилик билдирган. Бир кун аввал Пашинян генерал-лейтенант Тиран Хачатрянни лавозимидан озод қилганди.

Пашинян Бош Штаб баёнотини “ҳарбий давлат тўнтатириши” сифатида баҳолади.

“Мен Бош штаб баёнотини ҳарбий давлат тўнтариши сифатида баҳолайман. Ўз тарафдорларимни Республика майдонига йиғилишга чақираман”,-деб ёзди Пашинян Фейсбук саҳифасида.

Орадан кўп ўтмай, Пашинян Республика майдонига йиғила бошлаган ўз тарафдорлари сафига қўшилди.

Ўтган йилнинг 27 сентябрида бошланиб, 9 ноябрда Озарбайжон ғалабаси билан якунланган Тоғли Қорабоғ уруши ортидан Арманистонда Пашинян истеъфоси талаб қилинган намойишлар бўлиб ўтди. Бунга Пашинян Россия востачилигида Озарбайжон билан сулҳ битимини имзолагани сабаб бўлган.

Урушда Боку Тоғли Қорабоғнинг йирик ҳудудини ва унга туташ туманлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.