Арманистонда минглаб одам бош вазир Пашинян истеъфосини талаб қилиб намойишга чиқди

Арманистонда Пашинянга қарши норозилик намойиши иштирокчилари.

Арманистон пойтахти Ереванда минглаб мухолифат тарафдори бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилиб намойишга чиқди.

3 март куни 10 мингдан ортиқ намойишчи парламент биноси олдида тўпланди. Уларни кўп сонли хавфсизлик ходимлари кузатиб турди.

2 март куни Арманистон президенти армия бошлиғини лавозимидан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни имзолашдан бош тортган, натижада мамлакатда юзага келган сиёсий инқироз янада мураккаблашган эди.

Ўтган ҳафтада Арманистон қуролли кучлари бош вазир Пашинян ва у бошқараётган ҳукумат истеъфосини талаб қилган эди. Пашинян бу талабни давлат тўнтариши уринишига тенглаштириб, Бош штаб бошлиғи Оник Гаспарянни ишдан олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Аммо Арманистоннинг асосан рамзий ваколатларга эга президенти Армен Саркисян 2 март куни Гаспарянни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни имзолашдан иккинчи марта бош тортди.

Ўтган йилнинг 27 сентябрида бошланиб, 9 ноябрда Озарбайжон ғалабаси билан якунланган Тоғли Қорабоғ уруши ортидан Арманистонда Пашинян истеъфоси талаб қилинган намойишлар тинчимаяпти. Бунга Пашинян Россия воситачилигида Озарбайжон билан сулҳ битимини имзолагани туртки бўлди.