Ашхабод хорижликлар учун жаҳондаги энг қиммат, Тошкент ва Бишкек энг арзон шаҳар

Ашхабод манзараси.

Туркманистон пойтахти Ашхабод хорижликлар учун дунёдаги энг қиммат шаҳарлар рейтингида 1-ўринни эгаллади. Ашхабоддан кейинги бешликдан эса Ҳонконг, Байрут, Токио, Цюрих ва Шанхай ўрин олди.

Жаҳондаги энг қиммат ва арзон шаҳарлар рейтингидан 209 давлат жой олган. Мазкур давлатлар орасида Тошкент арзон шаҳарлар ўнлигидан жой олиб 203-ўринда қайд этилди. Бишкек эса дунёдаги энг арзон шаҳар сифатида тан олинди ва 209-ўринни эгаллади.

Жаҳондаги энг қиммат ва арзон шаҳарлар рейтинги 26 йилдан бери АҚШнинг Mercer ширкати томонидан тузилади.

Мазкур рейтинг ширкатлар ва ҳукуматларга хориждаги ўз ходимларига иш ҳақини белгилашда инобатга олинади.

Рейтингни шакллантиришда 209та шаҳардаги турар-жой ижараси, транспорт ва озиқ-овқат ҳаражатлари, 200 турдаги товар ва хизматларнинг нархи эътиборга олинади.

Одатда иқтисодиётнинг ўсиши ортидан шаҳарларда яшаш нархи ҳам ўзгариб боради. Аммо Ашхабодда нарх-наво иқтисодий ўсиш ортидан эмас, балки бир неча йилдан бери давом этаётган чуқур иқтисодий инқироз ортидан юқорилаб кетган.